Тожикистон Ўзбекистонга автобус қатновини тиклайди
Олам
−
16 Октябрь 2021
5565Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Хўжанд-Тошкент-Хўжанд автобус йўналиши қайта тикланади. Жорий йилнинг 18 октябридан Хўжанддан Тошкентга келиш ва Тошкентдан Хўжандга қайтиш мумкин бўлади.
Таъкидланишича, чегарани кесиб ўтишда йўловчиларда COVID-19 га қарши эмлаш сертификати бўлиши керак, агар у йўқ бўлса, улар экспресс-тестдан ўтади.
Asian Express транспорт компаниясининг Хўжанддаги вакили Анвар Ғиёсовга кўра, дастлаб автобуслар бир кунда бир марта қатнайди. Маҳаллий вақт билан соат 08:00 да жўнаш амалга оширилади.
Компания вакилига кўра, келажакда агар хоҳловчилар кўп бўлса, рейслар кунига 2-3 мартагача оширилади. Бир томонлама саёҳат нархи — 100 сомоний.
Тошкентнинг охирги бекати Собир Раҳимов автовокзали бўлади. Хўжандга қайтиш рейси ҳам ўша ердан соат 18:00 да, қишда эса 16:00 да амалга оширилади.
“Бутун йўналиш масъул тузилмалар ва бўлимлар билан келишилган. Бизда тожик-ўзбек чегарасини кесиб ўтишда “яшил” йўлак бор. Умид қиламизки, чегарада ҳеч қандай муаммо бўлмайди”, деган Анвар Ғиёсов.
Шунингдек, жорий йилнинг 20 октябридан бошлаб Панжикентдан автобусда Самарқанд ва Бухорога бориш мумкин бўлади.