Тожикистон Ўзбекистондан газ импортини кўпайтиради

Олам

image

Тожикистоннинг газ тақсимлаш компаниялари аҳолини Ўзбекистондан импорт қилинадиган газ ҳисобига таъминлаш имкониятларини кўриб чиқяпти. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.

“Биринчи навбатда Ўзбекистондан импорт қилинаётган газни похтайхт ва Хўжанд шаҳарлари аҳолисига етказиб бериш режалаштирилмоқда”, дейилади компания хабарида.

Аввалроқ “Душанбегаз” компанияси магистрал газ қувури ёнида жойлашган пойтахтдаги баъзи уйлар Ўзбекистон газини олаётганини маълум қилган. Гап шундаки, бундай уйларни қувурга улаш учун алоҳида харажат талаб қилинмаган.

Таъкидланишича, айни пайтда сўнгги ўн йилликлар давомида эскирган инфратузилмани янгилаш ишлари олиб борилмоқда, шундан сўнг газдан бошқа истеъмолчилар ҳам фойдаланиши мумкин бўлади.

Компания томонидан қўшимча қилинишича, инфратузилмани янгилаш учун хавфсизлик масаласини ҳисобга олган ҳолда кўп харажат талаб қилинади, чунки Душанбедаги уйларда сўнгги ўн йилликда табиий газ бўлмаган.

Тожикистон шимолидаги аҳоли ва корхоналарни газ билан таъминловчи “Сомон-Сўғдгаз” компанияси жорий йилнинг охиригача инфратузилмани тиклаш ишларини якунлаш режалаштирилаётганини маълум қилди. Шундан сўнг Хўжанд шаҳри ҳамда вилоятнинг бошқа шаҳарлари ва туманлари газ билан таъминланади.

Маълумот учун, Ўзбекистондан Тожикистонга газ етказиб бериш олти йиллик танаффусдан кейин 2018 йилнинг апрель ойида қайта тикланган.

Тожикистон Ўзбекистон газ импорт қилишни 2019 йилда 2018 йилга қараганда 2,6 баробарга ёки 55 миллион кубометрдан 140 миллион кубометрга оширган. 2018 йилда Ўзбекистондан импорт қилинган газ қиймати 6,9 миллион долларни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда унинг қиймати 17,7 миллион долларга етган.

Ўзбекистон газининг асосий истеъмолчиси Тожикистон алюминий заводи ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон газини бошқа бир қатор компаниялар, жумладан, Душанбе ИЭС ҳам олади.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 2020 йилнинг 8 ойида Тожикистон 139,5 миллион кубометр табиий газ олган.

2020 йилнинг охиригача келишувга кўра, Тожикистонга 200 миллион кубометр табиий газ етказиб бериш режалаштирилган.

2021 йилда Тожикистонга етказиб бериладиган Ўзбекистон газининг ҳажми ва нархи 28—29 сентябрь кунлари Душанбеда бўлиб ўтадиган савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий масалалар бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинади. Йиғилишга Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон Ҳукумати раҳбари Қоҳир Расулзода раислик қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Тожикистон

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг