Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида юк машиналари қолиб кетмоқда. Айб кимда?
Олам
−
07 Февраль
9044Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида кўплаб юк машиналари қолиб кетмоқда. Ҳайдовчилар бунинг асосий сабаби сифатида юк машиналари учун чегарани кесиб ўтиш лицензияси нархининг ошганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда “ASIA Plus” хабар берди.
Қайд этилишича, Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги “Фотехобод” постида юк машиналари тўпланиб қолган. Шу ердаги ҳайдовчилардан бирининг айтишича, 2024 йил бошидан бери улар учун керак бўлган тегишли ҳужжатни олиш қийинлашган ва қимматлашган.
“Биз нима учун бу қоғоз – рухсатнома нархи бирданига 100 фоизга кўтарилиб, 130 долларга етганини билмаймиз. Ҳеч ким бизга бу борада тушунтириш бермаяпти”, дейди у.
Бошқа бир ҳайдовчи эса бундай нархлар катта қийинчиликлар туғдиришини айтган.
“Хўжанддан Тошкентга юк ташиш учун юк эгаси йўл ҳақига 450 доллар тўлайди, Ўзбекистонда юкларни тушириш учун биз 220 доллар, рухсатнома учун эса 130 доллар тўлаймиз. Бундан ташқари, Тожикистонга қайтиш йўл ҳақини тўлаймиз, лекин ёқилғи нархи билан бу шунча харажатга арзимайди”, деб тушунтиради ҳайдовчи.
Рухсатнома Ўзбекистон томонидан Тожикистон Транспорт вазирлигига юбориладиган ҳужжатдир. Бу ҳайдовчиларга хусусий хизмат кўрсатувчи компаниялар томонидан тақдим этилади.
Айни пайтда, Сўғд вилояти раҳбари Ражаббой Аҳмадзода барча муаммолар Тожикистон Транспорт вазирлигига билдирилгани ва масала яқин кунларда ҳал қилинишини айтмоқда.
“Ушбу масала юзасидан Божхона бошқармасининг вилоят ҳудудий бошқармаси, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Сўғд вилояти бўйича Чегара хизмати билан боғландик, вилоят раиси ўринбосари, ҳуқуқ-тартибот бўлими бошлиғи жалб этилди. Шунингдек, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзода билан боғландик. Шундан сўнг Комиссия тузилди. Комиссия аъзолари “Фотехобод” назорат-ўтказиш пунктига келиб, йиғилиш ўтказди. Мавжуд муаммолар мамлакат Транспорт вазирлиги эътиборига ҳавола этилди”, дейди у.
Вилоят раҳбарининг сўзларига кўра, келгусида корхоналарга ҳайдовчиларга қулай бўлиши учун рухсатномани банк ўтказмаси орқали сотиб олиши кўрсатма берилган.
“Ушбу рухсатномаларни берувчи айрим компанияларда ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланган. Бу масала билан мамлакат Транспорт вазирлиги шуғулланмоқда. Мен бу масалаларни муҳокама қилиш учун Бош вазир Коҳир Расулзода билан ҳам боғландим. Ишончим комилки, тез кунларда “Фотехобод-Ойбек” назорат-ўтказиш пункти орқали юк машиналарини кесиб ўтишга рухсат олиш билан боғлиқ муаммо ҳал бўлади”, дейди Ражаббой Аҳмадзода.
LiveБарчаси