Тожикистон Ўзбекистон билан чегарани очиш масаласини ҳал қилмади
Олам
−
03 Октябрь 2020
17911Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараси фуқароларнинг эркин кириб–чиқиши учун ёпиқлигича қолмоқда. Тожикистонда коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича республика штаби Ўзбекистон билан чегарани очиш тўғрисидаги қарорни қабул қилмаган. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
“Биз кеча, 1 октябрь куни Ўзбекистондан уларнинг чегерани очиш мақсадида йўллаган расмий хабарномасини олдик. Тегишли хатни Республика штабига юбордик. Айни вақтгача штабдан жавоб олмадик”, дейилган Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.
Ташқи сиёсат идорасининг таъкидлашича, пандемия сабаб чегарани очиш, ундан ўтиш ва чекловларни ўрнатиш тўғрисидаги қарорни Республика штаби қабул қиляпти.
Нашр фуқаролар Тожикистонда президентлик сайлови ўтказилгач, чегарадан эркин ўтишига рухсат берилишини тахмин қилган. Тожикистонда сайлов 11 октябрга белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қарори билан 1 октябрдан чегараларни очиш ва аввал ўрнатилган барча чекловлар олиб ташлаш белгиланганди.
LiveБарчаси