Тожикистон Наврўзда терактда гумонланганлар қўлга олинганини рад этди
Олам
−
03 Апрель
4395Аввалроқ, Тожикистоннинг “Asia-Plus” портали Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидаги манбасига таяниб, хавфсизлик органлари Душанбе ва Ваҳдат шаҳрида Наврўз байрами тадбирлари вақтида терактлар уюштиришни режалаштирганликда гумон қилинган 15 нафар шахсни ҳибсга олганини хабар қилганди. Эндиликда Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси буни рад этди.
“Айрим мустақил деб аталувчи оммавий ахборот воситалари вазиятни бузиб кўрсатмоқда ва Наврўз байрами арафасида фуқароларнинг террористик ҳаракатлар содир этишга урингани учун ҳибсга олингани ҳақида турли текширилмаган ва провокацион маълумотларни тарқатмоқда. Биз бу хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини таъкидлаймиз”, дейилади қўмита матбуот маркази хабарида.
Қайд этиш жоизки, олдинроқ “Asia-Plus” нашри ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл”даги терактда гумонланувчилар билан алоқадорлиги ва ИШИД билан ҳамкорлик қилгани учун Ваҳдатда 9 нафар фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар берган.
Бундан ташқари, "Reuters” агентлиги Тожикистон хавфсизлик хизматидаги учта манбага таяниб, 26 март куни россиялик терговчилар "Крокус Сити Ҳолл"даги ҳужумда гумон қилинган тўрт кишининг оила аъзоларини сўроқ қилиш учун Тожикистонга етиб келганини ёзди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тожикистондан Россияга чипталар савдоси камайгани, шунингдек, "Крокус"даги терактдан кейин сотиб олинган чипталарнинг қайтарилиши кузатилаётгани айтилганди.