Муфтий Рамазон ойида бозорлардаги нархларни оширмасликка чақирди

Олам

image

Тожикистон Уламолар кенгаши раҳбари Саидмукаррам Абдулқодирзода савдогарлардан Рамазон ойида озиқ-овқат нархини оширмасликни, балки арзонлаштиришни сўради. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмитанинг “Дин ва ҷомеа” ("Дин ва жамият") расмий нашри хабар берди.

“Кўпроқ фойда олиш мақсадида бозор нархларини сунъий равишда ошириш исломда қораланган энг ёмон иш”, деб ёзади нашр.

Муфтий Абдулқодирзода эса Рамазон ойида нархларнинг сунъий равишда кўтарилиши савдогарларга “ташвиш, омадсизлик ва ҳаловатсизликдан бошқа нарса келтирмаслигини таъкидлаган.

“Бизда ёғ, ун, мева тақчил эмас, ҳамма омборлар тўла. Энг зарур товарлар ва бошқа маҳсулотлар нархини сунъий равишда ошириш муборак Рамазон ойини суиистеъмол қилишдир. Бу жуда катта гуноҳ, унинг оқибатлари ҳам ёқимсиз бўлади", дейди Тожикистон муфтийси.

У барча савдогарларни, бозор ва дўконларда ишлаётганларни ушбу муборак ойда ҳар куни хайр-эҳсон қилишга, нархларни кўтаришга эмас, балки пасайтиришга чақирди.

“Чунки ҳеч бир иш савобсиз қолмайди, бу иш яхши ният билан амалга оширилса, яхши савоб келтиради”, дейди Абдулқодирзода.

“Asia Plus” хабарига кўра, муфтий аввалги йилларда ҳам савдогарлардан Рамазон ойида озиқ-овқат нархини оширмасликни сўраган. Бироқ, бу чақириқ савдогарлар томонидан эътиборсиз қолмоқда. Тожикистон аҳолиси ҳар йили Рамазон ойида озиқ-овқат нархининг ошишидан шикоят қилади. Улар ҳар доим айрим савдогарлар бу ойдан товарлар нархини ошириш учун фойдаланаётганидан хавотир билдиради, лекин Рамазондан кейин ҳам бу нархлар деярли пасаймайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Рамазон Саидмукаррам Абдулқодирзода

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг