Тошхўжаев Фарғонада ишни ОАВ билан учрашишдан бошлади
Жамият
−
30 Январь 2020
7059Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига бошлиқ этиб тайинлангани ҳақида хабар берган эдик. Тошхўжаев Фарғонадаги фаолиятини ОАВ ходимлари билан учрашишдан бошлади.
Учрашувда Фарғона вилояти ИИБнинг янги кўринишдаги "fviib.uz" интернет сайти тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур сайт орқали бевосита ҳар қандай мурожаатни тўғридан-тўғри ИИБ раҳбариятига етказиш имконияти мавжуд. Қолаверса, Telegram, Instagram, Facebook’даги саҳифаларидан ҳам ўзбек ва рус тилларидаги расмий маълумотларни олиш мумкин.
Бошқарма бошлиғи, ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни аҳолига етказиш, адашган инсонларни тўғри йўлга солиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, ўқувчиларни тўғри ва холис ахборот манбаи билан таъминлашда журналистларнинг ёрдами катта эканини қайд этиб, келгусида барча оммавий ахборот воситалари билан очиқ ва шаффоф ҳамкорлик ўрнатилишини эътироф этди.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти раҳбари бўлиб ишлаган даврларда ИИВ ОАВга янада яқин бўлди. Тергов департаменти биринчи бор журналистларга очилди. Жиноятчиликлар ва у билан боғлиқ тергов жараёнларини ОАВда ёритиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Умид қиламизки, Тергов департаментида Тошхўжаев раҳбарлигида ўрнатилган тартиб сақланиб қолади.
LiveБарчаси