Тошкентга қўниши керак бўлган самолёт Афғонистонда ҳалокатга учради
Олам
−
21 Январь
41678Ҳиндистондан Москвага учаётган йўловчи самолёти Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида, Хитой, Тожикистон ва Покистон чегарасида ҳалокатга учради. Маълум қилинишича самолёт ёқилғи тўлдириш учун Тошкентга тўхтаб ўтиши керак бўлган. Бу ҳақда “Паджвак” агентлиги маълум қилди.
Кеча, 20 январь куни кечқурун самолёт ўзининг дастлабки йўналишидан оғиб, вилоятнинг тоғли ҳудудларига қулаб тушган.
Манбага кўра, Россия авиация маъмурияти чартер самолёт бортида 6 киши, (икки йўловчи ва экипажнинг тўрт аъзоси) бўлганини маълум қилган.
Самолёт Францияда ишлаб чиқарилган Dassault Falcon 10 Jet эканлиги эълон қилинди.
Бадахшон вилояти маданият ва ахборот бошқармаси директори Забиҳуллоҳ Амирий матбуот баёнотида Ҳиндистон йўловчи самолёти Қурон-Мунжон ва Зибак вилоятлари оралиғида жойлашган Тохака тоғларида қулаганини айтган.
Унинг қайд этишича, ҳудудга қидирув-қутқарув гуруҳи юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чилида самолёт қулаши оқибатида бир киши ҳалок бўлган эди.
LiveБарчаси