Тошкентдаги йўлнинг чўкиши бўйича мансабдорларга жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
29 Декабрь 2021
12470Жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчасидаги автомобиль йўлининг 500 метр қисмида 40-50 см.гача чўкиш ҳолати юзага келганлиги туфайли, ушбу ҳудудда транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда прокуратура органлари ўрганиш ўтказди.
Ўрганиш натижасида мутасадди ташкилотлар томонидан “Юнусобод-Туркистон” ер ости метро конструкциясининг атрофини ва ён қисмларини тупроқ билан қайта тўлдириш ва зичлаш ишлари сифатли бажарилмагани, техник назорат талаб даражасида олиб борилмагани ҳамда автомобиль йўлини реконструкция қилишда лойиҳалаштириш ишлари нотўғри олиб борилганлиги сабабли юқоридаги чўкиш ҳолати юзага келиб, натижада давлатга 4,5 млрд сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланган.
Ҳозирда ҳолат бўйича Республика Транспорт прокуратураси томонидан Тошкент метрополитени линияларини қуриш дирекцияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Аҳмад Дониш кўчасида юзага келган ҳолатни бартараф этиш бўйича мутасадди идоралар томонидан тегишли чора-тадбирлар ташкил этилмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.