Тошкентдаги “Юбилейный” муз саройи қайта тикланади
Жамият
−
03 Март 2020
8420Бугун, 3 март куни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Тошкент шаҳрида муз спорти ҳамда замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари мажмуасини қуриш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Лойиҳага кўра, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманида замонавий муз саройи қурилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 4 февралдаги
ПҚ–4583-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсад қилинган. Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Беруний шоҳ кўчаси, 41-уй манзилида жойлашган “Ўзкўргазмасавдо” МЧЖ, “Алпомиш савдо қаторлари” МЧЖ ва “Ўзчармсаноати” уюшмасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бино ва иншоотларни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилиши кўзланган.
Бино ва иншоотлар жойлашган ҳудудда қишки спорт турлари (фигурали учиш, шорт-трек, кёрлинг ва бошқа спорт турлари) бўйича мусобақалар ўтказиш, кўргазма ҳамда форумлар ташкил этишга мўлжалланган замонавий муз саройи ҳамда савдо, хизмат кўрсатиш ва таълим муассасалари объектлари мажмуасини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш учун “ноль” харид қийматида инвестор - “New Universal Development” МЧЖга тўғридан-тўғри сотиш тўғрисидаги таклифига розилик берилган.
Инвесторга бино ва иншоотлар жойлашган ер участкалари олиб қўйилиши
ва хусусий мулкдорларга тегишли савдо дўконлари бузилиши натижасида етказиладиган зарарларни ўрнатилган тартибда тўлиқ қоплаш, камида 120 та янги иш ўринларини яратиш ва 100,0 млрд. сўм миқдорида инвестиция киритиш мажбуриятлари юкланган.
Қишки спорт турлари (фигурали учиш, шорт-трек, кёрлинг ва бошқа) бўйича мусобақалар ўтказиш, кўргазмалар ҳамда форумлар ташкил этишга мўлжалланган замонавий муз саройини ташкил қилиш 2020 йил 1 сентябргача, замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш, таълим муассасалари объектларини қуриш ишларини 2021 йил 1 июлига қадар якунланади.
Маълумотларга кўра, “New Universal Development” МЧЖ 2015 йили ташкил қилинган ва устав капитали миқдори 14 миллиард сўмни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Беруний шоҳ кўчаси, 41-уй манзилида жойлашган “Ўзкўргазмасавдо” ўрнида “Юбилейный” номидаги мус саройи бўлган. 1970 йил очилган ушбу спорт мажмуаси 1990 йилга келиб кўргазма залига айлантирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь