Тошкентдаги йирик бозорлар атрофида машиналар мажбурий эвакуациясига старт берилди
Жамият
−
10 Ноябрь 2019
5255Тўхташ мумкин бўлмаган жойлар ва бозорлар олдида қолдирилган автомобиллар эвакуатор ёрдамида йўлдан олиб ташланади. Бу ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Тошкент шаҳар аҳолиси ва меҳмонларидан бозорлар олдидаги автотураргоҳларга ва йўл бўйига машиналар нотўғри қўйиб кетилаётгани тўғрисида кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда. Нотўғри қўйилган автомобиллар бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига халақит беради, тирбандликлар келтириб чиқаради ва бунинг оқибатида ЙТҲлар содир бўлади.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙҲХ ходимлари ноқонуний "парковка"га қарши курашиб келишмоқда. Кўп ҳолларда бозорда савдо қилувчи сотувчилар ўз автомобилларини рухсат этилмаган жойларда қолдириши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган. Улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган, автомобилларни нотўғри жойда қолдирганлик учун жарималар қўлланиши ҳақида огоҳлантиришлар берилмоқда. Қаердадир муаммо бозорлар яқинида тўхташ қоидалари бузилишини қайд этувчи камералар орқали ҳал қилинмоқда, қаердадир далолатномалар тузиш орқали.
Аммо ҳайдовчилар ўз автомобилларини нотўғри жойда қолдириш орқали йўллардаги ҳаракатга халақит беришса ва ўз вақтида келиб машинани олишмаса нима қилиш керак? Бундай ҳолатларда ЙПХ ходимлари "оғир артиллерия" орқали чора кўришади - қоидабузарнинг автомобили эвакуатор билан жарима майдончасига олиб кетилади.
Масалан, 7 ноябрь кунининг ўзида "Чилонзор" буюм бозори ("Ипподром"), "Тошкент савдо маркази" ("Абу Сахий") ҳамда "Бектўпи" бозори ҳудудидаги ўрнатилган тартибга зид равишда ташлаб кетилган 13та автомобиль эвакуатор орқали жарима майдончасига олиб борилган. Ушбу автомобиль эгаларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарлик факти бўйича далолатномалар тузилган (бу бўйича ЭКИҲнинг 3 бараваригача - 608 190 сўм миқдорида жарима солиниши мумкин).
Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўл ҳаракати қоидаларини бузманг, йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига халал берманг. Бу сизнинг оилавий бюджетингиз ва вақтингизни тежашга, асабларингизни асрашга ёрдам беради. Илтимос, бозорга борганда у ердаги мавжуд автотураргоҳлар хизматидан фойдаланинг", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, тақиқ белгилари таъсири остида агар транспорт воситасининг ҳайдовчиси бўлмаса ва тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасига кўра транспорт воситаси ушлаб турилиши учун эвакуаторда мажбурий эвакуация қилиниши ҳақида хабар берган эдик.
Шаҳноза Тўрамуротова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь