Ўлган ким: отами ё бола? ЁХББнинг гапи Тошкент ЁХБникига тўғри келмаяпти
Жамият
−
26 Ноябрь 2019
5784Аввалроқ, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига асосан Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги хусусий уйлардан бирида юз берган ёнғин натижасида уй эгасининг вояга етмаган ўғлининг куйган ҳолдаги жасади топилгани ҳақида хабар берган эдик.
Миробод туманидаги ёнғин юзасидан Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ҳам маълумот берди, бироқ бунда бош бошқарма маълумотидан фарқли жиҳатлари мавжуд.
Пойтахт ЁХБ бугун, 26 ноябрь куни Миробод тумани “Байналминал” маҳалласи Оғабегим кўчасида жойлашган 30-уйда ёнғин содир бўлганини тасдиқлади.
Бироқ ёнғин натижасида вояга етмаган бола ҳалок бўлганини рад қиляпти. Тошкент ЁХБ маълумотига кўра, ёнғинни ўчириш вақтида боланинг эмас, 1970 йилда туғилган И.В.нинг жасади топилган.
Ёнғинга чиқишига сигарет чекишдаги эҳтиётсизлик сабаб бўлган. Ҳозирда зарар миқдори аниқланяпти.