Тошкентдаги муштлашув иштирокчилари ўта оғир жиноятлар бўлими томонидан тергов қилиняпти – БП
Жамият
−
12 Июнь 2019
5563Аввалроқ, Тошкент шаҳар прокурори Фарҳод Бобониёзов Тошкентда рўй берган оммавий муштлашув ҳақида берган маълумотларини эълон қилган эдик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур жиноят ишига алоқадорлар ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов қилинаётганини очиқлади.
Бош прокуратура баёнотида қайд этилишича, Тошкент шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан 1992 йилда туғилган Б.К. ва К.К.ларга нисбатан жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жумладан, улар жорий йилнинг 5 июнь куни соат 19:50да Миробод тумани, Фарғона Йўли кўчасида жойлашган “ОСИЁ БУРГЕР” овқатланиш шохобчасининг тураргоҳида бўлиб, 1991 йилда туғилган И.Ж. билан муқаддам бўлган ўзаро келишмовчилик оқибатида, Б.К. ўзининг бошқарувидаги Nexia-3 русумли автомашинада И.Ж.ни қасддан уриб юборган. Сўнг К.К. ўзи билан олиб келган пичоқ билан И.Ж.ни қасддан ўлдиришни ўзига мақсад қилиб, безорилик оқибатида танасининг турли жойларига бир неча маротаба жароҳатларни етказиб, воқеа жойидан яширинганлар.
Жорий йилнинг 7 июнь куни Б.К. ва К.К.лар жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган ва тегишли процессуал тартибда ушланганлар.
8 июнь куни Б.К. ва К.К.лар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “л” банди билан айблов эълон қилинган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ушбу жиноятга алоқаси бўлган ва бевосита қатнашган бошқа шахслар тергов-тезкор йўли билан текширилмоқда.
Жиноят иши бўйича тегишли экспертизалари тайинланган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
LiveБарчаси