Тошкентдаги мудҳиш ЙТҲнинг сабабчиси қамоққа олинди

Жамият

image

9 октябрь куни пойтахт Тошкентнинг Яшнобод туманида содир бўлган даҳшатли ЙТҲда икки кишининг ўлимига сабабчи бўлган BMW автомобили ҳайдовчиси омон қолган ва унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳайдовчи ушбу фожиа қандай юз бергани ҳақида телевидение орқали кўрсатма берди.

“Учинчи йўлакда кетаётган эдим. Ўртада кетаётган Gentra йўлимга чиқди. Мен ўрта йўлакка қочдим, кейин у яна жойига қайтгиси келиб қолди. Жойига қайтаётганда мени сиқиб қўйди, мен тормозни босдим, у ёғини билмайман. Машина сузиб кетиб қолди, кейин тепага чиқиб кетди. Ўзимга келганимда машина ўт-олдиргичи ҳали ўчмаган экан, мен машинани ўчирдим. Йўловчи ўриндиғида ўтирган акани кўрдим. Яқинларидан, оила аъзоларидан узур сўрайман. Мен уйдан, шу одамга — шунақа қиламан деб чиқмаганман. Энди шу [виждон — таҳр.] азоб билан яшашни айтинг. Ҳаммаларидан мени кечиришларини сўрайман”, дейди у.

Лавҳада қайд этилишича, ЙТҲда иштирок этган яна икки автомобилнинг ҳайдовчиларга зиён етмаган.

Тошкент шаҳар ИИББ катта терговчиси Алимардон Искандаровга кўра, BMW ҳайдовчиси ҳозирда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

“Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми А банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейди ички ишлар ходими.

Эслатиб ўтамиз, 9 октябрь куни тахминан соат 20:30 ларда Тошкент шаҳар Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси 79-уй қаршисида ЙТҲ юз берган. 

1981 йилда туғилган В.Ш. бошқарувидаги давлат рақам белгиси 01 L 785 LB бўлган Nexia-3, 1992 йилда туғилган Р.М. бошқарувидаги давлат рақам белгиси 10 M 666 PA BMW, 1992 йилда туғилган Т.И. бошқарувидаги  давлат рақам белгиси 01 Z 292 GB бўлган Nexia-3, 1999 йилда туғилган Б.А. бошқарувидаги давлат рақам белгиси 30 E 701 UA бўлган Lacetti русумли транспорт воситалари иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида давлат рақам белгиси 01 Z 292 GB бўлган Nexia-3 русумли автомашина ҳайдовчиси ва йўловчиси олган тан жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

443

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг