Россиялик журналист ўлик ҳолда топилган Тошкентдаги меҳмонхона эгаси 8 йилга қамалди

3-саҳифа

image

Ўтган йил октябрь ойида “Лента” нашри ва “Профиль” журналида фаолият юритган россиялик журналист Инесса Паперная Тошкент шаҳридаги “Karaman Palace” меҳмонхонасида ўлик ҳолда топилганди. Ушбу иш бўйича суд жараёни якунланиб, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди томонидан суд ҳукми чиқарилди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.

Маълум қилинишича, меҳмонхона эгаси А.Х. баҳоси янгисига қараганда анча арзон бўлган иситиш қозонларини ўрнатишни мақсад қилиб, интернетда шундай иситиш қозонлар савдоси билан шуғулланувчи А.Ю. билан учрашади. У билан “Remeha” русумли сув иситиш қозонларининг нархи хусусида келиша олмагач, меҳмонхона эгаси ундан хам арзонроқ қозонларни излашни давом эттириб, айнан А.Ю.дан сотиб олиб, лекин баҳосини арзонроқ нархда сотиш билан шуғулланиб келаётган З.Ж. билан учрашади.

У эски қозонларни ўрнатиш билан шуғулланувчи, тегишли рухсатнома, амалий тажриба ва уқувга эга бўлмаган Н.К. орқали эски қозонлар ичидан танлаб, 3 дона “Remeha” ва 2 дона “Nefit” русумли эски сув иситиш қозонларини танлаб олади. 

Бироқ бу ускуналарда иситиш қозонидан чиқарувчи газлар ва ёниш учун зарур бўлган хавони киритиш қувур адаптери, конденсат сувларни ёниш қозонидан чиқиб канализация қувурига уланганида қувурига захарли газларни ўтишини олдини олувчи сифон, конденсатни ва клапандан оққан сувларни канализацияга хавфсиз етказиш трубкаси, қозоннинг техник регламентга мослиги, мувофиқлик белгиси, техник паспорти мавжуд бўлмаган. 

2024 йил август ойида А.Х. “Karаman Palace” меҳмонхона биноси ва унинг хоналари техник жиҳатдан талабга жавоб бермаса-да, ўзбошимчалик билан Н.К.га юқорида кўрсатилган эскирган 2 дона “Remeha” русумли қозонларни меҳмонхонага ўрнатиш ҳақида топшириқ берган. Н.К. ҳам ушбу топшириққа асосан ўрнатиб, иситиш қозонларини сифонсиз тўғридан тўғри канализация қувурига улаб қўйган.

Бунинг оқибатида 20 октябрь куни меҳмонхонанинг 206-сонли хонасининг ювиниш хонасида Россия Федерацияси фуқаролари Максим Вадимович Радченко ва Инесса Викторовна Паперная ҳамда 105-сонли хонанинг ювиниш хонасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Хушнуд Нуруллаевич Удеков ис газидан заҳарланиб, вафот этган.

Суд ҳукми билан судланувчилар А.Х., А.Ю., З.Ж. ва Н.К. Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, меҳмонхона эгаси А.Х. 8 йилга, қолган судланувчилар А.Ю., З.Ж. ва Н.К. 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 

Шунингдек, жабрланувчи Максим Радченконинг қонуний вакили фойдасига 60 млн 688 минг сўм, жабрланувчи Инесса Папернаянинг қонуний вакили фойдасига 67 млн 588 минг сўм ундирилиши белгиланган. Марҳум Хушнуд Удековнинг қонуний вакили эса судланувчиларга нисбатан моддий даъвоси йўқлиги билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Инесса Паперная Karaman Palace

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг