Тошкентдаги меҳмонхонадан мурдаси топилган журналистнинг суд иши қачон бўлади?
3-саҳифа
−
19 Май
39045Ўтган йил октябрь ойида “Лента” нашри ва “Профиль” журналида фаолият юритган россиялик журналист Инесса Паперная Тошкент шаҳридаги Karaman Palace меҳмонхонасида ўлик ҳолда топилгани хабар қилинганди. Ушбу иш бўйича суд жараёни келаси ҳафтада бошланиши мумкин. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Зокиржон Қўзибоев QALAMPIR.UZ'гa маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, марҳума журналистнинг ўлими юзасидан очилган жиноят иши доирасидаги суд мажлиси кейинги ҳафтада Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида бошланиши кутилмоқда.
Маълумот учун, ушбу ҳодиса 2024 йилнинг 20 октябрь куни содир бўлган. Ўзбекистонга дам олиш учун келган Инесса Папернаяга ўша куни почта жўнатмаси келган. Меҳмонхона ходимлари эшикни тақиллатса ҳам ҳеч ким жавоб бермаган, сўнгра улар хонани очишга қарор қилган. Эшик очилиб, хонага кирилганда ичкаридан икки жасад – Паперная ҳамда дўстининг жонсиз танаси топилган. Дастлабки тахминларда марҳумларнинг вентиляция тизимига кириб қолган газдан заҳарлангани айтилганди.
Марҳумлар Россия фуқаролари – 1979 йилда туғилган Радченко Максим ва 1977 йилда туғилган Паперная Инесса Викторовналар бўлиб, дастлабки суд тиббий ташхисига кўра, улар Миробод туманидаги меҳмонхонада номаълум этиологияли заҳарланишдан вафот этган.
Бундан ташқари, ушбу меҳмонхонадаги бошқа хонанинг ювиниш хонасидан Ўзбекистон фуқароси 1976 йилда туғилган У.Х.нинг вафот этгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (xавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Асолат Ғуломназарова
LiveБарчаси