Тошкентдаги мактабда ўқувчилар асоссиз текширувлар бўлаётганини айтиб чиқди
Жамият
−
23 Октябрь 2023
10354Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 160-мактабдаги бир гуруҳ ўқитувчилар томонидан мактабда бир йилдан буён асоссиз текширувлар ўтказилаётгани ҳақида видео мурожаат тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.
Фуқаро Ф.А.Искандарованинг Тошкент шаҳар прокуратурасига мурожаатидан сўнг, Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутахассислари жалб этилган ҳолда Яккасарой туман прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Жумладан, Яккасарой туман прокуратурасининг 2023 йил 21 сентябрдаги “Қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида"ги тақдимномасидан сўнг, 160-мактаб директори Ирина Казакова эгаллаб турган вазифасидан озод этилган. Унга кўра, мазкур таълим муассасасида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.
“Охирги йилларда мактабда таълим-тарбия жараёнлари сифат кўрсаткичи кескин пасайиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим инспекциясининг эълон қилган умумтаълим мактаблари рейтингида ҳам бу ўз тасдиғини топган. 2021 йил якунларига кўра, мактаб рейтинг параметрлари бўйича 160-мактаб республикамиздаги мавжуд 10 130 та умумтаълим мактаблари орасида 8067-, шаҳардаги 318 та мактаб ўртасида 233- ва тумандаги 15 та мактаб орасида 12-ўринга тушиб кетганлиги ачинарлидир”, дейилади муносабатда.
Унда қўшимча қилинишича, 160-мактаб ўқувчилари сўнгги уч йилда бирорта на республика ва на халқаро фан олимпиадаларида совриндор бўлмаган. Мактаб ўқувчилари ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик сони сезиларли даражада кўпайган.
Шунингдек, мактаб директори Ирина Казакова томонидан ўқитувчилар ўртасида тартиб-интизомнинг ўта сусайтириб юборилгани, таълим муассасасида қонун ва қонуности ҳужжатларини юритишда жиддий хато-камчиликларга йўл қўйилгани, ижро интизомининг қўпол равишда бузганлиги аниқланган.
“Яккасарой туман прокуратураси берган тақдимнома Ўзбекистон Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар бўлинмаси Кенгаши томонидан ўрганилган ва уларнинг хулосасига кўра, мактаб директори Ирина Казакова ишдан бўшатилган”, дейилади бошқарма хабарида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь