Тошкентдаги кўчанинг бир қисмида BRT йўлаги қурилиши сабаб ҳаракат чекланади
Жамият
−
24 июл 3492 2 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Шаҳрисабз кўчасида BRT (тезкор автобус транспорти) йўлагини ташкил этиш ишлари бошланади. Шу муносабат билан мазкур кўчада транспорт ҳаракати 17 кунга қисман чекланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.
Маълум қилинишича, қурилиш-таъмирлаш ишлари бугун, 24 июль соат 01:00 дан 9 август соат 23:00 гача давом этади. Ишлар Шаҳрисабз–Миробод–Шота Руставели айланма чорраҳасидан Амир Темур шоҳ кўчаси билан кесишмагача бўлган йўл қисмида олиб борилади.
Қайд этилишича, мазкур даврда йўл транспорт воситалари ҳаракати учун тўлиқ ёпилмайди. Қурилиш ишлари йўлнинг марказидаги тўртта ҳаракатланиш тасмасида амалга оширилади. Шу сабабли, ҳар икки йўналишда йўлнинг ўнг чеккасидаги иккита ҳаракатланиш тасмаси орқали транспорт ҳаракати сақлаб қолинади.
Масъуллар ҳайдовчилардан ушбу ҳудудда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланиш, юзага келиши мумкин бўлган вақтинчалик ноқулайликларни инобатга олиш ҳамда имкони қадар муқобил йўналишлардан фойдаланишни сўраган.
Маълумот учун, BRT (bus rapid transit) – бошқа транспортлардан тўлиқ озод қилинган тезкор автобус йўналиши. BRT тизимида автобуслар учун алоҳида йўллар (йўлаклар) ажратилади, шунинг учун улар тирбандликларга тушмайди ва жадвал асосида тез ҳаракатланади.
Тошкент шаҳридаги тўртта кўчада 2026 йилда умумий узунлиги 16,2 километр бўлган автобуслар учун мана шундай BRT йўлаклари Шаҳрисабз, Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Янги Сергели кўчаларида ташкил этилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Мустақиллик шоҳ кўчасининг бир қисми қурилиш-таъмирлаш ишларининг навбатдаги босқичи муносабати билан икки ҳафтадан ортиқ муддатга транспорт ҳаракати учун ёпилган эди.
Live
Барчаси