Тошкентдаги фожиали ёнғин: “парковка” муаммоси сабаб қутқарувчилар йўлда қолиб кетди (видео)
3-саҳифа
−
14:29 1868 3 дақиқа
Бугун, 24 октябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлган ёнғин сабабли 1 киши ҳалок бўлди. Ушбу ёнғин сабабли ҳодиса жойига чақирилган қутқарувчилар автомобили кўп қаватли уйлар олдидаги йўлларда машиналарнинг тартибсиз қўйиб ташлангани сабабли юришга қийналди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси матбуот котиби Зуҳриддин Қурбонов билан боғланди.
Унинг билдиришича, ростдан ҳам фавқулодда вазият ходимлари воқеа жойига етиб бориш учун қийналган ва бунга йўлга автомобилларнинг тартибсиз қўйиб ташлангани сабаб бўлган. Шунга қарамай, қутқарувчилар автомобилдан тушиб, ҳодиса жойига югуриб етиб борган. Гувоҳлар олган тасвирларда ҳам қутқарувчиларнинг ҳодиса жойига югуриб кетаётганини кўриш мумкин.
Расмий маълумотларга кўра, соат 01:33 да Тошкент шаҳар ФВББга Учтепа тумани, Юсуф Саккокий кўчасида жойлашган тураржой мажмуасидаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Хабар асосида ёнғин-қутқарув экипажлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни соат 01:52 да бартараф этган. Ёнғин оқибатида хонадоннинг уй жиҳозлари зарарланган. Воқеа жойида бир нафар фуқаронинг жасади аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли органлар томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳодиса сабаблари ва бошқа тафсилотларни аниқлаш бўйича терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Гувоҳларнинг айтишича, кўп қаватли уйлар учун алоҳида автотураргоҳ мавжуд эмас. Кўп қаватли уйлар яқинидаги автотураргоҳ эса пулли ва шу сабабли у бўш турибди.
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, ёнғин Учтепа туманидаги “O‘rikzor residence” тураржой мажмуасидаги 13-уйда содир бўлган. Мажмуа 2018 йил 12 июнда рўйхатдан ўтган “Land house” МЧЖ томонидан қурилган.
Шунингдек, қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда амалдаги қонунчиликда, хусусан, Шаҳарсозлик кодексида қурувчилар учун кўп қаватли уйлар билан бирга автотураргоҳ қуриш мажбурияти назарда тутилмаган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда тураржой бинолари қурилишига янги талабларни ишлаб чиқиш режалаштирилганди. Хусусан, бу жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган эди. Унга кўра, 2025 йил сентабр ойига қадар кўп хонадонли турар жой биноларини лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга топшириш жараёнида автомобиллар учун ерости тўхташ жойларини ташкил этишни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилган. Шунингдек, давлат дастури тўғрисидаги Президент қарори лойиҳасида ерусти автотураргоҳлар ҳам қайд этилган. Бироқ бу масала бўйича ишлар ҳозирги кунда кун тартибида эмас.
Бундан ташқари, 2023 йилга мўлжалланган давлат дастури тўғрисидаги қарорда ҳам тураржой бинолари, ижтимоий ва савдо объектларини лойиҳалаш ва қуришда автотураргоҳлар, жумладан, кўп қаватли ва ерости тўхташ жойларини ташкил этиш мажбурий бўлиши кўзда тутилганди. Бироқ ўшанда ҳам Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиришлар киритилмаган.
Аммо Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг жорий йилнинг апрелида чиқарилган “Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғига кўра, автотранспорт воситаларини кўп қаватли уйларнинг (ўт ўчириш, тез ёрдам ва бошқа фавқулодда вазиятларда хизмат кўрсатувчи машиналар хизмат фаолияти вақти бундан мустасно) кириш йўлаклари қаршисида ҳамда киришга тўсқинлик қиладиган жойларда қўйиш тақиқланган.
Live
Барчаси