Тошкентдаги баъзи кўчаларда тезлик 50 кмгача этиб белгиланиши кутиляпти

Жамият 4220
image

Пойтахт Тошкентнинг Кичик ҳалқа автомобиль йўли ичида жойлашган барча кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 60 кмгача чекланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши маълум қилди. 

Қайд этилишича, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ҳамда соҳага оид тегишли ташкилотлар мутахассислари билан биргаликда Кенгашнинг 2022 йил 23 сентябрдаги “Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт воситаларининг юқори тезлигини соатига 60 километргача чеклаш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида”ги VI-70-247-14-0-K/22-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида пойтахт кўчаларида ўрганишлар ўтказилган. 

Бугун, 29 сентябрь куни Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси мажлисида мазкур масала атрофлича муҳокама қилинган. 

Гап шундаки, Тошкент шаҳар Кенгашининг 70-сессиясида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан Амир Темур, Фарғона йўли, Шота Руставели, Янги Сергели, Бобур ва Бунёдкор кўчаларида транспорт воситаларининг юқори тезлигини 60 кмгача чеклаш масаласи киритилган эди.

Депутатлар масалани янада чуқур ва атрофлича ўрганиш, зарур бўлса тезликни янада камайтириш мақсадида бу ишга тегишли мутахассисларни ҳам жалб этиш таклифини билдирган. Шундан кейин доимий комиссия ва ИИББ ЙҲХБ томонидан Кичик ҳалқа автомобиль йўли ичида жойлашган барча кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 60 кмгача чеклаш мақсадга мувофиқ, деб топилди. 

Шу билан бирга, баъзи кўчаларда ҳаракат хавфсизлигини тўлақонли таъминлаш, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳолдисаларининг олдини олиш ва камайтириш, шунингдек, ҳаракат иштирокчилари учун етарли даражада қулай шароитлар яратиш мақсадида траспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 50 кмгача чеклаш мақсадга мувофиқ ,деб ҳисобланди. Булар жумласига Алишер Навоий, Маҳтумқули, Амир Темур, Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Ислом Каримов, Тарас Шевченко, Бобур ва Фурқат кўчаларининг бир қисми ва Амир Темур хиёбони айланма йўли киради. 

Доимий комиссияда мазкур масалани халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш маъқулланди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 47
Рейтинг: 2.9
t
×