Тошкентдаги автобусларда йўл ҳақини нақд пулда тўлаганлар жаримага тортилмаслиги айтилди
Жамият
−
08 Январь
4198Хабарингиз бор, Тошкент шаҳрида 2025 йил 1 январдан бошлаб, автобуслар нақд пул қабул қилиш амалиётини тўхтатди. Аввалроқ, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) эндиликда йўл ҳақини нақд пул кўринишида берган йўловчилар жаримага тортилиши ҳақида маълум қилди. Кеча, 7 январь куни Транспорт вазирлиги бу маълумотларни рад этди.
Транспорт инспекцияси пойтахт бўлими инспектори Салимжон Нишонбоевнинг ЎзАга берган интервьюсида маълум қилишича, нақд тўловларни қабул қилишда ҳайдовчилар учун ҳам, йўловчилар учун ҳам маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Унга кўра, биринчи мартасида йўловчилар ва ҳайдовчилар огоҳлантирилади, кейин эса улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144 (Чиптасиз саёҳат) ва 145 (Йўловчиларни чиптасиз ташиш) моддалари бўйича жаримага тортилади. Чиптасиз саёҳат қилганлик учун жарима БҲМнинг 1/10 қисмини ёки 37,5 минг сўмни ташкил этади.
“Ижтимоий тармоқлар орқали Тошкент шаҳридаги автобус йўналишларида нақд пулда тўлов қилган йўловчилар жаримага тортилиши тўғрисида асоссиз маълумотлар жойланмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик матбуот котибининг маълум қилишича, бугунги кунда Тошкент шаҳридаги оралиқ бекатлар сони икки ярим мингдан ортиқни ташкил этади. Бир марталик QR-чипталарни сотиб олиш имконини тақдим этувчи инфокиосклар сони эса 5500 та бўлиб, уларнинг аксарияти бевосита бекатларда, қолган қисми эса бекат ҳудудига яқин – 300 метр радиусда жойлаштирилган.
Билдирилишича, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 144-моддасида йўловчининг троллейбусда, трамвайда, шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусда чиптасиз юриши — БҲМнинг ўндан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган. Бундан маълумки, йўл ҳақини нақд пулда тўлаган йўловчилар жаримага тортилмайди, балки чиптасиз юрган йўловчилар БҲМнинг 1/10 қисми ёки 37,5 минг сўм миқдорда жаримага тортилади.
LiveБарчаси