Тошкентда ЙПХ ходимлари боди-камералар билан ишлай бошлади
Жамият
−
07 Ноябрь 2019
5970Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида мобиль видеокамераларни тест режимида синовдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда. Синов давомида камералар турли об-ҳаво шароитларида, турли кўринишларда, ҳар хил холатларда ва вазиятларда ишлатиб кўрилади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Синов текширувларида аниқланган камчиликлар эса камераларни ишлаб чиқарувчиларига етказилди ва бартараф этилади. Шунингдек, маълумотларни сақлаш қурилмалари, дастурий таъминот ҳам синовдан ўтказилади. Эртага йўлларда турли келишмовчиликлар ва зиддиятлар, бахс мунозаралар келиб чиқмаслиги айнан мана шу қурилма ҳамда дастурий таъминотнинг тўғри ва аниқ ишлашига боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишлар самарадорлиги ошириш мақсадида тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги қарорига асосан ЙПХ инспекторлари ўз хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб боришлари белгиланди.
Мобиль видеокамера билан ишлаш жараёнида ходим йўл ҳаракати қатнашчисини тўхтатганидан кейин унинг олдига бориши, ўзини таништириши, лавозими, унвони, фамилияси ҳақида маълумот бериши, унинг талабига кўра кўкрак нишон белгисини маълум қилиши ва хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда кўрсатиши керак. Энг муҳими, йўл ҳаракати қатнашчиларига мобиль видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилиши ва келгусида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун ундаги видео ёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириши лозим.
LiveБарчаси