Тошкентда ёлланма босқинчилар ушланди
3-саҳифа
−
15 Август
18719Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида босқинчилик жинояти билан шуғулланиб келганлар қўлга олинди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 2024 йилнинг 10 август куни соат тахминан 21:00 да туман ИИБга Жарбоши маҳалласида босқинчилик жинояти содир этилгани ҳақида хабар келиб тушган. Икки нафар шахс маҳалланинг овлоқ жойида 2 нафар жабрланувчини дўппослаб, 5 млн 500 минг сўмлик iPhone русумли телефони, 700 АҚШ доллари ва 950 минг сўм пулларини олиб қўйган ҳамда воқеа жойида яширинган. Ҳар иккала гумонланувчи ҳам қўлга олинган ва тергов гуруҳига тақдим қилинган.
“Интернетдан укамга хабар келди. Унда бир одам наркотик моддалар билан одамларни заҳарлаётгани ҳақида хабар бор эди. Ташлаб берилган паспорт маълумотлари ҳамда манзил бўйича айтилган жойга бордик ва уларни калтаклаб, телефони, пулларини олдик. Телефонни арзимаган суммага пулладик. Иккинчи шеригини ушлаб билмадик, қочиб кетди. Қилган ишимиздан пушаймонмиз”, дейди улар.
Аниқланишича, мазкур икки шахс жабрланувчиларни уриб дўппослаш эвазига 300 доллар олишга келишади. Ишни бажаргач, ҳолатни видеога олиб, уни буюртмачига жўнатиши керак бўлган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, ушбу моддада назарда тутилган жиноят ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки анча миқдордаги мулкни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, 8 йилдан 10 йилгача, такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу кодекснинг 242-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан, кўп миқдорда, уй-жойга, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кирган ҳамда баданга оғир шикаст етказган ҳолда содир этилган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, айбланувчи 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмда босқинчилик қилиб, терговдан яшириниб юрган шахс ушланганди.
LiveБарчаси