Тошкентда уй-жойлар қанчага қимматлагани маълум бўлди
Жамият
−
29 Сентябрь 2023
9770Пойтахтда уй-жой нархлари ўсишда давом этмоқда. Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассисларининг Тошкент шаҳрида уй-жой нархларининг ўзгариши бўйича таҳлилида маълум қилинган.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилнинг август ойида уй-жой ўртача нархининг йиллик энг юқори ўсиши Юнусобод (37,1 фоиз) ва Мирзо Улуғбек (35,7 фоиз) туманларида қайд этилган. Нисбатан камроқ ўсиш Сергели (27,8 фоиз) ва Олмазор (24,4 фоиз) туманларида кузатилган.
Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек (12 фоиз) ва Чилонзор (10,6 фоиз) туманларида кўчмас мулк эгалари уйларини ижарага беришидан (уй қийматига нисбатан) энг юқори даромад олмоқда. Сергели (8,5 фоиз) ва Учтепа (8,2 фоиз) туманлари эса нисбатан пастроқ кўрсаткич билан қуйи ўринларда турибди.
Мутахассисларнинг фикрича, агар 2023 йилнинг сентябрь ойида Global Property Guide нашри томонидан 58 та давлат учун эълон қилинган уй-жойни ижарага беришдан олинадиган ўртача даромад рейтингига Тошкент шаҳри (10 фоиз) қўшилганида, Грузиядан (12,4 фоиз) кейин 2-ўринни эгаллаган бўларди. Мазкур рейтингда Грузиядан кейинги ўринларни Жанубий Африка Республикаси (9,9 фоиз), Ирландия (8,1 фоиз), Пуэрто-Рико (8,1 фоиз), Латвия (7,8 фоиз), Колумбия (7,7 фоиз), Марокаш (7,6 фоиз), Индонезия (7,6 фоиз) ва Литва (6,7 фоиз) давлатлари банд этган.
Туманлар ва уйлар бўйича кўп қаватли уйлардаги хонадонлар нархининг ўзгаришидан олинадиган фойда ва ижара даромадларининг биргаликдаги таъсири баҳоланганда 2 ва 3 хонали турар жойлар инвестицияларнинг даромадлилиги нуқтаи назаридан истиқболли бўлиб чиққан.
LiveБарчаси