Тошкентда ўқувчи мактабга автомат ва 1188 та ўқ олиб келди. Пойтахтда жиноятчилик ортгани айтилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари томонидан содир этилган жиноятлар ошган. Бу ҳақда бугун, 22 февраль куни Бош прокуратурада ўтган Жиноятчиликка қарши кураш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди.

Мисол учун, Тошкент шаҳар Яшнобод туманида мактаб ўқувчиси Ш. ўзаро жанжал оқибатида таниши Х.ни ўлдириб, жасадини ҳовлидаги қудуққа ташлаб  юборган. Воқеага гувоҳ бўлган марҳумнинг турмуш ўртоғи Х. ва унинг дугонаси К.ни ҳам ўлдириш мақсадида ҳаётига суиқасд қилган.

Ш. 7 ой давомида дарсга қатнашмасдан, марҳум Х.нинг уйида ишлаб келган бўлсада, синф журналларида “сабабли дарс қолдирувчи” сифатида қайд этиб келинган.

Ангрен шаҳридаги мактаб ўқувчиси Ж. таниши С.нинг 42 млн сўмлик тилла буюмларини қўлга киритиш учун уни пичоқ билан қасддан ўлдирган.

Бош прокуратура томонидан мактабларда ўтказилган давомат тадбирларида 2019 йилнинг 9 - 14 ноябрь кунлари Тошкент шаҳар мактабларида 4.215 нафар, 11-27 ноябрь кунлари Қашқадарёда 1.057 нафар ўқувчилар дарсларга сабабсиз қатнашмагани аниқланган.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев йиғилишдаги маърузасида, вояга етмаганлар ўртасида пичоқ ва бошқа совуқ қуроллар олиб юриш ҳолатлари кўпайганлигини танқид остига олди.

Биргина 2019 йилда таълим муассасаларида 210 нафар ўқувчилар совуқ қурол олиб юрганлиги аниқланган.

Мисол учун, Юнусобод туманидаги мактаб ўқувчиси Ю. отасига тегишли пневматик автоматни 1.188 дона металл ўқлари билан мактабга олиб келган.

Ўтган йилда ёшлар томонидан пичоқдан қурол сифатида фойдаланиб, 346 та жиноят содир этилган. Булар асосан, қотиллик, тан жароҳати етказиш, босқинчилик ва безорилик жиноятларидир.

Уларнинг аксарияти Сурхондарё, Наманган, Андижон, Қашқадарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрига тўғри келган.

Мисол учун, Қўқон шаҳридаги мактаб ўқувчиси О. ўзаро келиб чиққан жанжал оқибатида таниши Й.нинг қорин қисмига пичоқ уриб, оғир жароҳат етказган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура жиноятчилик

Баҳолаганлар

1743

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг