Тошкентда ўқитувчилар уйма-уй юриб, аҳолини рўйхатга олиши буюрилди. Вазирнинг бунга алоқаси борми?

Жамият 7104
image

Тошкентда ўқитувчилар уйма-уй юриб, мактаб ёшидаги болаларни рўйхатга олмоқда. Бу ҳақда блогер Никита Макаренко ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди. 

Унинг қайд этишича, 160-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари у яшайдиган хонадон қўнғироғини чалишган. Ўқитувларга вазирлик томонидан иш вақтида уйма-уй юриб, микроҳудуддан кимнинг фарзандии бор ё йўқлиги ҳақида маълумот тўплаш бўйичяа топшириқ берилган. 

Макаренко Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовга очиқ хат ёзиб, шундай дейди: 

“Менда ажойиб фикр бор! Ҳурматли вазир Саидов! Бу ишни ўзингиз қилишни хоҳлайсизми? Офисдан чиқинг, сайрга боринг. Ишончим комилки, сиз кондиционер остида ўтириб, ҳеч нарса билан банд эмассиз. 

Биласизми, болаларни ўқитиш учун ўқитувчилар керак. Вазирлигингиз бу ҳақиқатни аллақачон унутганини тушунаман, сизда бошқа ишлар бор”, дейди Макаренко. 

Блогернинг ушбу чиқишига Халқ таълими вазирлиги ҳам зудлик билан муносабат қилди. 

“Ижтимоий тармоқ орқали мактаб ўқитувчилари томонидан ҳудуддаги хонадонларда яшовчи мактаб ёшидаги болалар ҳақида маълумотлар йиғилаётгани ҳақида тарқалган хабар юзасидан Халқ таълими вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади:

Энг аввало, Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва таълим муассасаларга ҳеч қандай алоҳида топшириқлар берилмаганлигини маълум қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарорига мувофиқ, мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш туман (шаҳар) ҳокимликлари қарори асосида умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) доирасида шу умумтаълим муассасаси томонидан рўйхатга олиш орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Унга кўра мактаб раҳбарияти ўз мактабига бириктирилган микроҳудудда яшаётган ва келгусида мактабга келиши мумкин бўлган болалар тўғрисидаги маълумотга эга бўлиши керак.

Шу билан бирга, бу жараён бугунги кунда электрон тизим орқали амалга оширилиб, бунинг учун мактаб педагоглари уйма-уй юриши зарурияти йўқ. Сўнгги 2 йилдан буён Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари электрон шаклда (онлайн) амалга оширилмоқда. 

Бунинг учун Вазирликнинг электрон ахборот тизими (my.maktab.uz) тегишли вазирлик идоралар билан интеграция қилинган ҳолда маълумотлар олинмоқда. Хусусан қабул жараёнларида ота-оналарнинг яшаш манзили тўғрисидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг манзил-рўйхат ахборот тизими билан, микроҳудуд (маҳалла) тўғрисидаги маълумотлар эса ахборот тизимларни интеграция қилинган ҳолда аниқланади.

Жойлардаги айрим раҳбарларнинг “ташаббуси” билан микроҳудуд бўйича маълумотларни йиғиш жараёнига педагог-ходимларни жалб қилиш ва уларни фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилиш эса мутлақо тақиқланганлигини эслатиб ўтамиз.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сон қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш ҳамда  халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш  қатъиян тақиқланган.

Халқ таълими вазирлиги барча мактаб директорлари ва педагог ходимларига уларнинг лавозим мажбуриятларига кирмайдиган ишларга жалб этиш қатъиян таъқиқланганлигини, бу каби ҳолатлар юзага келган тақдирда Вазирликнинг 71-202-09-09 “Ишонч телефони”га мурожаат этишлари мумкинлигини эслатиб ўтади”, дейилади вазирлик муносабатида.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 126
Рейтинг: 3.1
t
×