Тошкентда тез ёрдам ҳайдовчиси дўппосланди
3-саҳифа
−
27 Февраль 2023
8766Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Сергели туманида тез ёрдам ходимлари калтаклангани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот берди.
Бугун, 27 февраль куни эрталаб соат 03:25 ларда Республика тез тиббий ёрдам маркази Тошкент шаҳар филиалига Сергели тумани 4-даҳасидаги хонадонларнинг биридан чақириқ келиб тушган. Шундан сўнг, тез-тиббий ёрдам бригадаси ходимлари – шифокор Т.А. ва фельдшер Х.О. белгиланган манзилга саноқли дақиқалар ичида етиб борган.
Калтакланиши оқибатида жиддий тан жароҳати олган 1979 йилда туғилган бемор аёл А.А.га “103” бригадаси томонидан биринчи ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, фельдшер Х.О. беморнинг ҳолатидан келиб чиқиб, уни зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази токсикология бўлимига олиб бориш кераклигини айтган.
Шу пайт беморнинг таниши, 1990 йилда туғилган фуқаро К.А. уни гўёки А.А.га яхши қарамаётганликда айблаб, фельдшерга таҳдид қилган. Қолаверса, фуқаро тиббиёт ходимини ҳимоя қилган тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси, 1970 йилда туғилган Т.С.ни уриб, унга жиддий тан жароҳати етказган.
Оқибатда жабрланган тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган. Текширувлар натижасида у “бош мия ёпиқ жароҳати, чайқалиш, бурун суягининг синиши, бурун юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” дастлабки ташхиси билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган. Ҳозир бемор белгиланган стандартлар асосида тиббий муолажаларни олмоқда.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан 33 ёшли фуқаро К.А. га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ички ишлар органлари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь