Тошкентда собиқ ИИББ ходими 2 ёшли боланинг ўлимига сабабчи бўлди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Юнусобод туманида ички ишлар органлари ходими иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур ЙТҲ бўйича расмий хабар берди.

Унга кўра, ЙТҲ бугун, 24 август куни тахминан соат 01:10 да Юнусобод тумани Юнусота кўчасида юз берган. Cobalt русумли автомобиль ҳайдовчиси 31 ёшли Тохирхўжа А. пиёдаларнинг тартибга солинмаган ўтиш жойидан онаси билан ўтаётган ёш болани уриб юборган. ЙТҲ оқибатида 2 ёшли Т.Ч. бадан шикастлари билан шифохонага етказилган. Қизалоқ шифохонада вафот этган.

Маълумот учун, Тошкент шаҳар ИИББ собиқ ходими, шаҳодатлаш комиссиясидан ўтмагач, раҳбариятнинг буйруғи асосида жорий йилнинг 20 август куни ички ишлар органларидан бўшатилган.

Тиббий экспертиза хулосасига кўра ҳайдовчи спиртли ичимлик таъсири остида бўлган ва пиёдаларни кўрмай қолган.

Мазкур факт асосида Юнусобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266 моддаси 1 қисми (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда олиб борилаётган тергов ишларининг якунига кўра қонуний чора кўрилади.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙТҲ Тошкент

Баҳолаганлар

223

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг