Тошкентда “Шум бола” граффити чизилди
Маданият-санъат
−
17 Июль 2020
16416Тошкентда “Шум бола” граффити чизилди. Унинг муаллифи таниқли стрит-арт рассоми Абдураҳмон. Бу ҳақда у ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.
Сурат “Шум бола” бош қаҳрамонини гавдалантирган марҳум Абдураим Абдуваҳобов хотирасига бағишланган.
Эслатиб ўтамиз, актёр 14 июль куни 57 ёшида вафот этганди.
Абдураим Абдуваҳобов актёрлик фаолияти давомида 100 га яқин саҳна асарларида турли характердаги кишилар сиймосини гавдалантирди. Жумладан, “Алишер Навоий”да Абулвосе, “Афандининг беш хотини”да йигит, “Унсиз Фарёд”да кинорежиссёр, “Соҳибқирон Темур”да Дарвеш, “Шум бола”да бой ота, “Мехробдан чаён”да Бахромбой, “Кулойим”да Қирол, “Уфқ”да Аскар, “Чимилдиқ”да Куёв, "Эшик ортидаги ҳаёт”да Равшан, “Кундузсиз кечалар”да Тенгдош, “Пири коинот”да ал-Ёқуб, “Етти фарёд”да Йўловчи, “Қирол Лир”да Масхара, “Энага”да Энага, “Бир кошона сирлари”да Бўривой, “Ўтган замон ҳангомалари”да Ҳасан кайфи, “Гамлет”да Озрик, “Андишали келинчак”да Қоплонбек, “Макр ва муҳаббат”да Миллер, “Дадажон демайман”да Ҳикмат, “Олтин қиз”да Ботир, “Жахон Отин Увайсий”да Ҳасан Охун баққол, “Бевалар”да Сапар оға, “Ўзбекча рақс”да Тоға, “Омад биз томон”да Баҳром, “Имкон”да Паттаев, “Тили асалим”да Ота, “Рустам”да Холматов каби ранг-баранг образлар яратиб, ҳамкасблар ва томшабинларнинг олқишига сазавор бўлди.
Абдураим Абдуваҳобов “Шум бола”, “Суюнчи”, “Муҳаббат синовалари”, “18-квадрат”, “Ада эмас, дада”, “Фирибгар”, “Осий банда”, “Пойга”, “Бевалар”, “Сўнгги нафасимгача”, “Севги балки бу жаннат 2”, “Назира” ҳамда “Тожикфильм" студиясида тасвирга олинган “Жўра овчи” фильмларида роль ижро этган.
Абдураим Абдуваҳобов хотирасига бағишлаб эркин рассом ташаббуси билан граффит чизилгани жудаям яхши иш бўлган. Аммо бу каби ташаббуслар шаҳар ёки туман ҳокимлари томонидан ҳам чиқиши мумкин эди. Кўплаб хорижий давлатларда шаҳар мэрлари жамоатчилик, маданият ва сиёсий арбоблар хотирасига бағишлаб турли ҳайкал, бюст ёки юқоридагидек кўча суратлари (граффит)лар чиздиради.