Тошкентда самолётларни суратга олган болалар қўлга олинди
Жамият
−
04 Ноябрь 2023
41255Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги аэропорт ҳудудида болалар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақидаги фото ва видео материаллар тарқалди. Ҳолат юзасидан “Uzbekistan Airports” расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, воқеа Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги “Қумариқ” маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Болалар ҳаво бандаргоҳи чегараларини бузмаган ҳолда Тошкент халқаро аэропорти панжараси ортида туриб самолётларни суратга олган.
“Ўз навбатида, “Uzbekistan Airports” Ўзбекистондаги споттинг ҳаракатини қўллаб-қувватлайди ва ёш авлодни ушбу ҳобби билан шуғулланишига тўсқинлик қилмайди. Йил бошидан буён Тошкент аэропорти ҳудудида 30 га яқин режали ва режадан ташқари споттинг-турлар ташкил этилди. Шунингдек, жорий йилнинг 14 октябрь куни бўлиб ўтган режали кузги споттингда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 12 нафар болалар қатнашганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 26 январда Вазирлар Маҳкамасининг “Ависпоттингни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистонда споттинг ҳаракати расман қонунийлаштирилган.
Маълумот учун, авиаспоттинг бу аэропортларда ҳаво кемалари ҳаракатини ҳамда парвозини кузатиш бўлиб, ҳолатни фото, видео тасвирга олувчилар авиаспоттерлар дейилади.