Тошкентда Путинсевар раққоснинг “томошаси” тўхтатилди. Полунин жанжал кўтаряпти
Маданият-санъат
−
29 Сентябрь 2022
28826Маданият вазирлиги Россиялик таниқли балет раққоси Сергей Полуниннинг Тошкентдаги концертида у ижро этмоқчи бўлган рақс тўхтатиб қўйилганига изоҳ берди.
Мазкур ҳолат Полунин жорий йилнинг 26 сентябрь куни Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрида “ҳалок бўлган рус аскарлари” ҳақидаги қўшиқ садолари остида яккахон рақс тушмоқчи бўлган вақтида юз берган.
Вазирликка кўра, мазкур балет намойиши Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкиллаштирилган ва Сергейнинг ижро дастури премьерадан бир неча кун олдин артистларга тақдим қилинган. Бироқ, раққос тасдиқланган ва жамғарма расмий саҳифасига жойлаштирилган дастурга амал қилмаган ҳолда чиқишини ҳавола этган. Бу билан Полунин ўзаро келишувни бузган.
“Қилғиликни қилиб, кейин ўзини жабрдийда қилиб кўрсатиб, провакацион сўзлар билан Ўзбекистон имижига, шаънига путур етказишга уриниш ҳолатига асло тоқат қилиб бўлмайди. Бу санъаткорнинг мисқоллаб йиққан обрўсига ҳам соя солиши турган гап. “Йўқ, мен саҳнада кўнглим тусаганини қиламан”, деган қатъий фикрда бўлса, агар буни ўз юртидаги саҳналар кўтарса, марҳамат, ўша ерда қилгани маъқул ”, дейилади вазирлик баёнотида.
Шунингдек, 27 сентябрь куни раққос ўзининг Instagram саҳифасида Тошкентда “тақиққа учраган” қўшиқ ўзининг ватанпарварлик руҳи ҳамда кремлпараст кайфиятдаги ашулалари билан танилган россиялик хонанда SHAMAN'нинг "Встанем" (Оёққа турамиз) треки бўлганини билдирган. Бундан ташқари, у, ташкилотчилар театр жамоасига суткалик тўлов тўламаганига эътироз билдирган.
“Улар вақт сарфлаб, саҳнага чиқишган, иккита концертни муваффақиятли ўтказишган эди. Шундан кейин бизни судга бериб, тўлаган пулларини қайтариб олишга қарор қилдилар”, деган Полунин Instagram саҳифасида.
Бунга эса Маданият вазирлиги қуйидагича жавоб берган:
“Бу тарафлар ўртасидаги ўзаро келишув шартлари қандайлигига боғлиқ. Аслида шартлар намойишдан анча аввал ҳар икки тарафга аён бўлади ва дастурнинг тақдим этилиши, демакки, унинг бандларига розилик билдириб, қабул қилинганини ифодалайди. Биз бунга чуқур кирмоқчи эмасмиз. Лекин бир жиҳатни айтган бўлардикки, ушбу масалани ҳам оламга жар солиб эмас, асл маданиятли инсонлардек музокара йўли билан муҳокама қилган маъқул”, дейилган Маданият вазирлиги муносабатида.
LiveБарчаси