Тошкентда онасини ўлдириб, ертўлага кўмиб юборган ўғилга ҳукм ўқилди 

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида ўз онасини ўлдириб, мурдасини хонадондаги ертўла остига кўмиб юборган ўғилга нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати QALAMPIR.UZ'га хабар берди.

Ўғил онасини бегона эркакдан рашк қилиши оқибатида ўзаро келишмовчилик юзага келган. Натижада ўтмас жисм билан онасининг бош қисмига бир неча марта уриб, қўлида бўлган ошхона пичоғи билан унинг бўйни орқа қисмига санчиб, қасддан ўлдирган.

Суд мажлисида жабрланувчининг қонуний вакили тариқасида сўроқ қилинган маҳалла раисининг айтишича, марҳума ва ўғли кўп қаватли уйдаги хонадонда истиқомат қилган. 

“Судланувчи ақли заифлиги сабабли, ўзини ноодатий равишда тутиб келган. Шу боис маҳаллада ёки уйда турли номақбул ишларни қилиб қўймаслиги учун бир неча марта ўғлини руҳий даволаш муассасасига жойлаштириш кераклигини айтганимда, битта ўғлини жамиятдан ажратмасликка ҳаракат қилиши ҳақида гапирганди”, дейди маҳалла раиси.

Унинг айтишича, мазкур оила нотинч ёки муаммоли оилалар туркумига кирмаган ва ўзига тўқ яшаган. Бир неча марта судланувчи ишга жойлаштирилган. Бироқ у келажаги учун пойдевор қилишга ҳаракат қилмай, ишламаслигини маълум қилган. Онаси эса уни ўзи боқишини айтган. 

Бир неча ой аввал эса марҳума ва ўғли ўзаро жанжаллашиб қолган. Маҳалла фаоллари ва маҳалла нозири уларга тушунтириш беришига қарамасдан, уларнинг талабларига бўйсунмаган. Жанжал сабаби эса судланувчи онасининг ҳаётига аралашганидан келиб чиққан. Аёл эркак киши билан учрашгани учун уни қизғанган ва у билан уришган. У маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилгани боис жавобгар ҳам қилинган. 

Бироқ судланувчи юриш-туришини тўғриламаган. Маҳалла фаоллари ва нозир билан маслаҳатлашиб, ўша вақтда руҳий даволаш мақсадида психиатрик наряд чақирилиб, даволашга жўнатилган. Орадан 40 кун ўтгач, судланувчи даволанишдан чиққан, лекин номақбул ҳаракатлари йўқолмаган. Воқеа содир бўлган куни бир фуқаро судланувчининг тунги соат 02:30 ларда уйнинг ертўласида фонарь билан юрганини кўрган.

Гап шундаки, ўғил содир этган жиноятини яшириш мақсадида онасининг жасадини ўзи яшаб келаётган хонадоннинг ертўласига кўмиб қўйган. У жинояти фош бўлишидан қўрқиб, профилактика инспекторига онасини қидириб топишда ёрдам сўраб мурожаат қилади. Унинг мурожаатига асосан тезкор қидирув ходимлари томонидан аёлнинг яшаш хонадони ертўласи кўздан кечирилганда жасад қотиллик аломатлари билан топилган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, аёлнинг ўлими бош мия ёпиқ жароҳати фонида, бўйин қон томирлари ва юмшоқ тўқималарининг шикастланишига олиб келган ва бўйин орқа юзаси ўнг томонлама кесилган яраси оқибатида келиб чиққан ташқи қон йўқотишдан юз берганлиги аниқланган. 

Суд психотрик экспертизасининг хулосасига кўра эса судланувчи руҳий соғлом деб топилган.

Судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан айбдор деб топилди ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент шаҳри қотил ўғил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг