Тошкентда Nexia-2 ёниб кетди
Жамият
−
15 Ноябрь 2023
8286Тошкент шаҳри Юнусобод туманида Nexia-2 русумли машина ёниб кетди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати бошлиғи Нилуфар Исоханова QALAMPIR.UZ'га хабар берди.
Унинг маълум қилишича, бугун, 15 ноябрь куни соат 12:12 да Юнусобод тумани Алишер Навоий кўчасидаги “Туркистон” санъат саройи қаршисида ҳаракатланиб кетаётган Nexia-2 русумли машинанинг салон қисмида ёнғин келиб чиққан.
Мазкур ёнғин ҳудудий ФВБ бўлинмалари етиб келгунига қадар, шу ерда хизмат олиб бораётган йўл-патруль хизмати инспекторлари ёрдами билан ўчирилган. Ёнғин оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
“Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ва ҳудудий ФВБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейди Нилуфар Исоханова.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани “Гулбоғ” МФЙда симёғочга урилган Cobalt тўлиқ ёниб кетган эди. Шунингдек, 8 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида ҳам ISUZU русумли автобус билан тўқнашган Cobalt ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди.