Тошкентда наркотикни ширинлик орасига яширган 19 ёшли қиз ушланди (видео)
3-саҳифа
−
10:36 1538 2 дақиқа
Тошкентда ширинлик орасига яширилган қорадорини хориждан олиб ўтмоқчи бўлган 19 ёшли қиз ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Хўжаобод тумани ҳудудида ҳаракатланаётган, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида яшовчи, 35 ёшли муқаддам судланган шахсга тегишли BYD автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Унинг салон қисмида 6 дона полиэтилен ўрамларда бўлган, жами 5 кг 946 гр “мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган. У гиёҳвандлик воситаларини наркокурерлар томонидан “закладка” тарзида қолдирилган жойдан олиб, Тошкент шаҳрига кетаётган бўлган.
Шунингдек, ДХХ ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан пойтахтда ўтказилган тезкор тадбирда, хориждан курьерлик жўнатмаси орқали қандолат маҳсулотлари орасига яширган ҳолда юборилган 350 гр “клефедрон” синтетик наркотик моддасини қабул қилиб олган Чилонзор туманида яшовчи, 2006 йилда туғилган шахс ушланган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, Яшнобод туманида яшовчи унинг шериги бўлган, 35 ёшли шахс ҳам жиноят устида қўлга олинган.
Аниқланишича, ушбу фуқаро ўзининг яшаш уйида нарколаборатория ташкил қилган бўлиб, ундан оғирлиги 5,3 кг бўлган синтетик гиёҳванд моддалар, “гашиш” ва “марихуана” мойларига ўхшаш моддалар, электрон тарозилар, колба идишлар, уяли алоқа воситалари ва лабораторияда фойдаланиладиган мосламалар ашёвий далил сифатида олинган.
Яна бир ҳолатда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс Қирғиз Республикасидан Андижон вилоятига ноқонуний олиб ўтган 1 кг 23 гр “героин” моддасини шартли харидорга 18500 АҚШ долларига сотган пайтида қўлга олинган.
Сирдарё вилоятидаги ҳолатда, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 3 нафар шахс кетаётган Cobalt машинаси “Сайхун” йўл патруль хизмати масканида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Автомашинанинг эшик қисмидаги хуфиёна яшириб қўйилган 2516 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланган.
Қайд этилишича, улар ушбу дори воситаларини муқаддам курьерлар томонидан Қўқон шаҳридаги “закладка” тарзида қолдирилган жойдан олишган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида 18 ёшли қиз ва 22 ёшли йигит уйини нарколабораторияга айлантиргани аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Жавоҳир Алиқулов
Live
Барчаси