Тошкентда метро бекатида ёнғин чиқдими? (видео)
Жамият
−
28 Ноябрь 2023
9158Ижтимоий тармоқларда “Космонавтлар” метро бекатига яқин ҳудудда ер остидан тутун чиқаётгани ва атрофни қоплаб олгани акс этган видеолар тарқалди. Унга нисбатан берилаётган изоҳларда эса метро бекатида ёнғин чиққани айтилган. Ҳолат юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маълумот берди.
Унга кўра, бугун, 28 ноябрь куни “Сайилгоҳ” подстанциясидан чиқувчи 35 кВ кучланишли кабель тармоғи шикастланган.
Билдирилишича, ушбу ҳолат бартараф этилган ва ҳозирда электр энергияси таъминотида узилишлар йўқ. Вужудга келган носозлик бартараф этилгунга қадар истеъмолчилар тўлиқ бошқа тармоққа ўтказилган. Ҳолат сабаблари эса ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган “Сағбон” подстанциясидаги мавжуд юқори кучланишли электр қурилмасида фавқулодда авария ҳолати содир бўлгани сабаб 9 минг истеъмолчи электр энергиясисиз қолганди.