Тошкентда машиналарни ғайриоддий усулда ўғирлаб келган жиноий гуруҳ қўлга тушди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида машиналарни махсус пульт ёрдамида очиб, уларнинг ичидаги пуллар ва қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб келган гуруҳ ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жиноий гуруҳ аъзолари махсус пультни Қозоғистондан 2000 АҚШ долларига сотиб олган. Жорий йилнинг 9 март куни соат тахминан 19:50 ларда Чилонзор туманидаги масжид олдида қолдирилган Lacetti русумли автомашинадан 307,5 миллион сўм миқдордаги пулларни ўғирлаб кетган. Жиноятчилар машина эшикларини мазкур пульт ёрдамида очиб, буюмларни ўғирлаб, уни яна пульт билан қулфлаб қолдириб кетган.

Суриштирувлар давомида бу гуруҳ томонидан Тошкентда яна бошқа автомобиллардан ҳам пул ва қимматбаҳо буюмлар ўғирлангани аниқланган. Улардан 214 млн 100 минг сўм миқдоридаги пуллар ашёвий далил сифатида олинган.

Жиноий гуруҳ аъзолари уч кишидан ташкил топган. Улар аввал ҳам Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан судланиб, қамалиб чиққан. Гумонланувчилардан бири эса хавфли рецидивист деб топилган.

Ҳолат юзасидан жиноятчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Уларга нисбатан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент жиноий гуруҳ машина ўғрилари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг