Тошкентда кучли таъсир қилувчи дори сотаётган жиноий гуруҳ аниқланди
Жамият
−
21 Май 2021
9218Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси шуғулланувчи бир гуруҳ шахсларнинг жиноий фаолиятига чек қўйишга қаратилган тадбир ўтказилди. Унда катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотишга уринган жиноий гуруҳ фаолияти аниқланди.
Дастлаб, Тошкентнинг Чилонзор туманида олдиндан кузатувга олинган 2 нафар фуқаролар Ж.С. ҳамда А.К.лар 300 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини қонунга хилоф равишда сотаётган вақтида тўхтатиб қолинган.
Шундан сўнг, фуқаро А.К.нинг вақтинча яшаб келаётган хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ерда фуқаро И.Ж. томонидан улгуржи сотиш учун қадоқлаб қўйилган 496 дона “Тропикамид” ва 19 дона “Зардекс габапентин” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний равишда сақланаётгани аниқланган.
Тезкор тадбир давомида фуқаро И.Ж.га тегишли Lacetti русумли автотранспорт воситаси ҳам кўздан кечирилганида, мазкур автомашина салонида 1 дона қалбаки 100 АҚШ доллари купюраси борлиги аниқланган.
Тадбир давомида, жиноий гуруҳ раҳбари — фуқаро Х.С.нинг қинғир қилмишларига ҳам чек қўйилган. Ушбу шахс бошқариб кетаётган Captiva автотранспорт воситаси ҳам тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, унинг салонида 29 дона “Селофен залеплон” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги маълум бўлган.
Шундан сўнг, ушбу шахс яшаб келаётган Чилонзор туманидаги хонадон кўздан кечирилганида, ушбу хонадонда 520 дона “Селофен залеплон”, 219 дона “Регапен прегабалин” ва 2 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Шу билан бирга, фуқаро Х.С.нинг Чилонзор туманида жойлашган дорихонаси ҳам тезкор тадбир иштирокчилари томонидан кўздан кечирилганида, дорихонада сотувчи Ю.О. томонидан 139 дона “Зардекс габапентин”, 337 дона “Карбамазепин” ва 8 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари сотувга қаратилгани фош бўлган.
Ўтказилган тадбирда дастлабки қиймати 200 млн сўмдан ортиқни ташкил этувчи 5 турдаги 2069 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг қонунга хилоф муомаласига чек қўйилган.
Ҳозирда божхона органлари томонидан ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилган.
LiveБарчаси