Тошкентда киракашларни чув туширган эркак ушланди

Жамият 9850
image
-

Тошкент шаҳрида таксичиларни талон-тарож қилиб кетган шахс қўлга олинди. Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, айни вақтда у 15 та эпизодли жиноят ишида гумонланмоқда. 

Айбланувчи, хусусий киракашлик билан шуғулланувчи шахсларнинг автомобилига йўловчи сифатида ўтириб, йўлда кетаётганда бошқа таксида уяли телефон аппаратини тушириб қолдирганлигини ва телефонига қўнғироқ қилиб олмоқчи эканлигини айтиб, ушбу автомобиль ҳайдовчисининг телефонини сўраган. Такси ҳайдовчисининг телефонини қўлга киритгач, гўёки ўзининг телефонига қўнғироқ қилаётгандек ва телефонини қайтариб олиш учун ҳайдовчи билан учрашув жойини келишиб олгандек тутган. Шундан сўнг, ҳайдовчига бирор жойни айтиб, ўша жойда тўхтатишни сўраган ва гўёки уни телефони қолиб кетган автомашина йўлнинг нариги тарафидан келаётганини айтиб, йўлни кесиб ўтган, ҳайдовчининг чалғиганидан фойдаланиб воқеа жойидан яширинган.

Такси ҳайдовчиси томонидан берилган биринчи ариза Юнусобод тумани ИИО ФМБга жорий йилнинг 29 март куни келиб тушган. Сўнг икки ой давомида шу каби мурожаатлар яна тўртта туман ИИО ФМБда рўйхатдан ўтган. Ҳар бир ҳолатда жабрланувчилар жиноятчи ҳаракатланган бир хил схемани тавсифлашган. Фақат икки ҳолатда жабрланувчилар жиноятчининг ниятини англаб, ундан телефонни қайтариб беришлигини сўрашган. Шунинг учун мазкур ҳолат юзасидан талончилик, яъни ўзгалар мулкини очиқдан-очиқ талон-тарож қилиш аломатлари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Жиноятчининг ташқи кўриниши тавсифлари ҳам мос келган.

Тошкент шаҳар ИИББ тезкор қидирув ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида мазкур жиноятларни содир этишда гумонланиб, пойтахтлик 1987 йилда туғилган З.О. ушланган. Ҳозирги вақтда унга 13 та фирибгарлик ва 2 та талончилик ҳолатлари бўйича айб эълон қилинган. Айбланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 354
Рейтинг: 3
t
×