Тошкентда киберҳужум орқали миллиардлаб пулни ўмармоқчи бўлганлар қўлга олинди (видео)
3-саҳифа
−
10 Июль
5840Тошкентда банк ҳисоб рақамлари ҳамда банк иловасига уланган фуқароларнинг пластик карталарида сақланаётган пул маблағларини хакерлик ҳужуми орқали ноқонуний ўзлаштиришга уринган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги банклардан бирининг собиқ ходими ҳозирги кунда мазкур банкда мутахассис лавозимида ишловчи танишидан банкнинг дастурий таъминоти ва ҳисоб рақамларига кириш имкониятини берувчи кодларни 6500 АҚШ доллари эвазига сотиб олади.
Сўнгра, у Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлари учун 3 маротаба судланган шахс ҳамда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида истиқомат қилувчи, 1989 йилда туғилган фуқаро билан ўзаро тил бириктириб, дастлаб банк ҳисоб рақамларида ҳамда банк иловасига уланган фуқароларнинг пластик карталарида сақланаётган жами 370 млрд сўм маблағни хакер жалб қилган ҳолда ўғирлашни, кейин эса оффшор ҳудудлар орқали чет элдаги танишларига тегишли ҳисоб рақамларга ўтказишни режа қилишади.
Қонунбузарлар 189 млрд сўмни чет эл валютасига конвертация қилишга ва оффшор ҳудудлар орқали хориждаги ҳисоб рақамига ўтказишга уринган вақтларида жиноят устида қўлга олинди.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, улар ўзларининг қабиҳ ниятлари амалга ошган тақдирда, гўёки банкнинг дастурий таъминотига чет элдан хакерлик ҳужуми бўлганлиги тўғрисида ёлғон маълумот тарқатишни режалаштиришган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
LiveБарчаси