Тошкентда қоида бузган бир қанча ИИО ходимлари жаримага тортилди

Жамият 4762
image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида Ички ишлар органлари ходимлари хизмат машинасида йўл ҳаракати қоидасини бузгани ҳақида хабарлар тарқалди. Уларнинг кўпчилигида пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси бундай вазиятларда қандай йўл тутиши ҳақида саволлар ва фикрлар қолдирилган.

Тошкент шаҳар ИИББ мазкур қоидабузарликлар бўйича муносабат билдирди ва қонунбузар ким бўлишидан қатъи назар жавобгарликка тортилишини маълум қилди.

“Қонун олдида ҳамма тенгдир, йўлда хатоликка йўл қўйилдими, унинг ортидан маъмурий жавобгарликка (баъзида интизомий жавобгарликка) тайёр бўлиш керак. Шунингдек, ИИОдаги хизмат инсондан алоҳида масъулиятни талаб қилади, чунки у атрофдагиларга ибрат бўлиши керак. Аммо реал ҳаёт идеалдан фарқ қилади: ходим ҳам оддий инсон каби, ўзининг феълидан ва ҳаётидаги ҳолатлардан келиб чиқиб белгиланган қоидани бузиши мумкин. Бундай ҳолда ЙПХ инспекторининг баённомаси ва кейиналик ушбу ҳолат бўйича текширув олиб борилади”, дейилади ИИББ хабарида.

Жорий йилнинг 31 октябрь куни соат 15:42 да ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси гуруҳлардан бирида шундай хабар қолдирган: “видеорегистраторда қайд қилинишича, шу куни эрталаб хизмат давлат рақамига эга Nexia-3 русумли автомобиль Чоштепа кўчасидан ҳаракатланиб, оқимдаги транспорт воситаларига халал берган.”

Ушбу ҳаракат билан Йўл ҳаракати қоидаларининг 53-банди, яъни “Ҳайдовчи ҳаракатланишни бошлаш, йўналишни ўзгартириш (қайта тизилиш, бурилиш, қайрилиб олиш, қувиб ўтиш ва айланиб ўтиш) ва тўхташдан олдин бажарилаётган манёвр хавфсиз эканлигига ва бошқа ҳаракат қатнашчиларига халақит бермаслигига ишонч ҳосил қилиши керак” қоидаси бузилган.

Ушбу факт бўйича Nexia-3 русумли автомобиль (давлат рақами 01 067 VSC) Шайхонтохур тумани ички ишлар бўлимига бириктирилган. Бундай ҳаракатланишга сабаб (мисол учун, зарур чақирув, ҳуқуқбузарлик ва ҳоказо) бўлмаганлиги аниқланди. Автомобилни бошқарган ходимга нисбатан кейинги кун соат 07:50 да Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-5-моддасига  мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги баённома расмийлаштирилган. Унга кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиши, – энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳайдовчи билан йўлларда хатога йўл қўйиш мумкин эмаслиги ҳақида профилактик суҳбат ўтказилди.

Қайд этилишича, худди шу каби чоралар бошқа ҳолатларга нисбатан ҳам қўлланилди. Пойтахт Учтепа тумани махсус инспекцияси ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари хабарини қайд этишди. Яъни, 29 октябрь куни соат 18:08 да Lolita Shah исмли фойдаланувчи юқоридаги гуруҳда видеомаълумот қолдирган эди, унда Nexia-3 автомобили (давлат рақами 01 158 VSC) Фарҳод ва Лутфий кўчалари кесишмасидаги светофорнинг тақиқловчи сигналини менсимасдан ҳаракатланган.

Ушбу автомобиль Учтепа тумани ИИО ФМБгак бириктирлган бўлиб, уни бошқарган ходимга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-4-моддаси иккинчи қисми бўйича маъмурий баённома тузилди. Унга кўра, Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши, – энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Ҳайдовчи билан бирофилактик суҳбат ўтказилди.

“Ҳурматли, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари! Биз томондан олиб бориладиган ички ишлар ҳақида ҳар доим ҳам сизга хабар бермаймиз, чуни баъзида инсон омили хизмат бурчидан юқори келишини кўриш, биз учун осон эмас. Аммо эътиборимизга тушадиган барча фактлар бўйича биз томондан чоралар кўрилмаслиги ҳақидаги фикрлар нотўғридир. Бундай ҳолларни ошкор қилиш ҳам зарур эмас: хабарни оммага намойиш қилмасдан, тўғридан-тўғри ўзимизга жўнатган инсонлар буни билишади. Агар сизнинг регистраторингизга йўл ҳаракати қоидасини бузаётган хизмат автомобили тушиб қолса ва ҳайдовчи-ходим хизмат вазифасини адо этаётганлигига ишончингиз комил бўлмаса – видеомаълумотни шахсий хабар кўринишида бизнинг расмий Facebook-саҳифамизга жўнатинг. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиниши биз учун муҳимдир, айниқса гап ходимлар ҳақида кетганида, бундай маълумотлар биз томондан эътиборсиз қолдирилмайди”, дейди ИИББ ўз мурожаати сўнгида.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 94
Рейтинг: 3.0
t
×