Тошкентда қалбаки пулларни сотаётган фуқаро қўлга тушди
3-саҳифа
−
15 Май 2023
6580Тошкент шаҳрида 200 минг сўмлик қалбаки купюраларни ишлаб чиқариб, уларни сотаётган фуқаро ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Учтепа туманида яшовчи фуқаро А.С. 200 минг сўмлик қалбаки купюраларни тайёрлаб, ҳар бирини 60 минг сўмдан сотиб келаётгани аниқланган. Ушбу шахсдан 10 дона 200 минг сўмлик қалбаки купюралар, жами 31 дона А4 форматдаги қоғозда чоп этилган 200 минг сўмлик купюралар, рангли принтер ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятида 17 ёшли йигит 100 минг сўмлик купюраларни сохталаштиргани аниқланиб, қўлга олинганди.