Тошкентда инсон аъзолари савдоси билан шуғулланган талабага суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
09 Октябрь
24664Тошкент шаҳрида инсон аъзолари олди-сотдисида айбланган талаба йигит жазоланди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, 2003 йилда туғилган йигит мўмай даромад орттириш мақсадида ижтимоий тармоқларга инсон аъзоларини сотиб олиши ҳақида эълон жойлаштирган. У тарқатган эълонларида буйракни 38 минг, жигарни 43 минг ҳамда суяк илигини 23 минг долларга олишини билдирган.
Ушбу эълондан сўнг унга аъзоларини сотмоқчи бўлганлар алоқага чиқа бошлаган. Йигит шундай фуқаролардан бирига битта буйрагини 38 минг долларга сотиб олишини айтган.
У шериклари Германияда экани, буйракни кўчириб ўтказиш ўша ерда амалга оширилишини ва бунинг учун ушбу давлатга бориш кераклигини айтган. Йигит фуқародан сафар учун олдиндан 350 доллар беришни сўраган.
У 26 апрель куни Шайхонтоҳур тумани ҳудудида фуқародан келишилган пулни олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган. Унга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Талаба судда бу ишни пулга муҳтож бўлиб қолгани сабаб қилганини, аслида Германияда ҳеч қандай танишлари йўқлигини, 350 долларни эҳтиёжига ишлатиб, кейин қайтариб бермоқчи бўлганини билдирган. Шунингдек, у акаси, синглиси ва ўзи талаба эканини, барчаси контракт асосида ўқишларини айтиб, суддан ўзига енгиллик беришни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида кўрилган суд мажлисида 21 ёшли йигит Жиноят кодекси 25- (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 133-1-моддаси 1-қисмида (инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси) назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилиб, 3 йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
LiveБарчаси