Тошкентда фуқароларни пичоқ билан қўрқитган маст эркак қамалди
3-саҳифа
−
20 Апрель 5730 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида маст ҳолатдаги эркак бир неча марта ёш болаларга пичоқ билан ҳужум қилгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 18 апрель куни соат 19:40 да Шайхонтоҳур туманининг Себзор кўчасида жойлашган автотураргоҳлардан бирида ўрнатилган “ташвиш тугмаси” босилгани ҳақида ИИББ Қўриқлаш бошқармасига хабар келиб тушган.
Зудлик билан воқеа жойига етиб борган ИИО ходимлари томонидан аниқланишича, 1958 йилда туғилган X.С. маст ҳолатда бўла туриб, автотураргоҳ қоровули ва бошқа фуқароларни ошхона пичоғи билан қўрқитиб, жамоат тартибини бузган. Сўнг воқеа жойидан қочиб, кўп қаватли уйлардан бирига кириб кетган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида фуқаро X.С. ушланиб, яқин орадаги ИИБга олиб борилган.
ИИББ хабарига кўра, X.С. томонидан пичоқ билан ҳеч кимга тан жароҳати етказилмаган. Ҳолат юзасидан X.С.гa нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 185-2-моддаси (совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига тақдим этилган. Суд томонидан ушбу шахсга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Тармоқларда сиздирилган видеохабарларда у уйнинг лифтида болалардан бирининг бошига бир неча маротаба урганини кўриш мумкин. Шунингдек, хабарларда ушбу шахс Малайзия фуқароси экани ва бундай ҳолат у томонидан кўп марта содир бўлгани ҳақида айтилган. Аммо ИИББ берган хабарда бу бўйича ҳеч нарса қайд этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида 44 ёшли эркакни пичоқ билан қўрқитиб, 1900 долларини ўғирлаган 23, 24 ва 17 ёшли йигитлар ушланганди.
Live
Барчаси