Тошкентда беморга шилқимлик қилган шифокор қамалди
3-саҳифа
−
23 Июль 10838 1 дақиқа
Тошкент шаҳрида 44 ёшли шифокор бемор аёлни тиббий кўрикдан ўтказиш баҳонасида унинг танасига тегиниб, шаҳвоний шилқимлик қилгани учун 5 суткага қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Унга кўра, 17 июль куни соат 19:00 ларда шифокор иш жойида – Сергели туманида жойлашган РШТЁИМ Тошкент вилоят филиалида даволанаётган бемор аёлнинг хонасига кириб, унга кўрикдан ўтказиш баҳонасида тегажоғлик қилган. Беморнинг кўрсатмасига кўра, шифокор аввал дераза ва эшикларни ёпган, кейин эса унинг тана қисмига бир неча бор тегинган.
Шифокор судда ўз айбини тан олиб, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирган ва бемор ҳамда унинг оила аъзоларидан узр сўраган.
Суд ҳужжатларига кўра, шифокор бу ҳаракатни маст ҳолатда амалга оширган, бу эса жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланган.
Суд шифокорни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисми бўйича айбли деб топиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.
Шунингдек, суд қарорига асосан шифокордан маъмурий қамоқни ўташ билан боғлиқ харажатлар ундирилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва-Тошкент йўналишидаги авиарейсда маст ҳолатда аёл йўловчига нисбатан шаҳвоний хатти-ҳаракатлар содир қилган фуқаро 3 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси