Тошкентда айримлар учун сув тарифи оширилади
Жамият
−
06 Ноябрь 2019
5176Тошкент шаҳрида III гуруҳ юридик шахслари учун сув тарифлари оширилади. Тошкент шаҳар ҳокими маҳкамаси Молия бош бошқармасида тасдиқланган декларацияда янги тарифлар белгиланди.
Жорий йилнинг 16 ноябрдан Тошкент шаҳри бўйича III гуруҳ тижорий истеъмолчилари бўлган юридик шахслар учун қуйидаги ставкалар жорий этилмоқда:
• сув таъминоти бўйича – 1 метр куб учун 730 сўм ҚҚСсиз;
• оқава сув бўйича - 1 метр куб учун 460 сўм ҚҚСсиз.
Қолган барча I ва II гуруҳлар истеъмолчилари учун юқорида кўрсатилган декларацияга мувофиқ тарифлар 2019 йил 16 ноябрдан ўзгаришсиз қолмоқда: сув таъминоти бўйича – 1 м куб учун 310 сўм ҚҚСсиз, оқава сув бўйича - 1 м куб учун 250 сўм ҚҚСсиз.
Маълумот учун, Тошкент шаҳар ҳокимининг жорий йилнинг 2 апрелидаги қарорига биноан Тошкент шаҳри истеъмолчиларига ичимлик сув таъминоти хизматлари учун илгари белгиланган 1м куб учун 100 сўм миқдоридаги махсус устама ҳақ миқдори 2019 йилда ҳам сақлаб қолинди, оқава сув (канализация) хизматлари учун ҳам шундай устама ҳақ белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Cув таъминоти ва оқава сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари бўйича истеъмолчилар учта гуруҳга бўлинган:
I – хусусий уй-жойларда ва кўп квартирали уйдаги хонадонларда яшайдиган жисмоний шахслар;
II – иссиқлик таъминоти ташкилотлари, ИСКХ ташкилотлари, Мудофаа вазирлиги ва бошқа ташкилотларнинг идоравий уй-жой фонди ва ётоқхоналари, бюджет ташкилотлари, диний ташкилотлар, элчихоналар ва дипломатик ваколатхоналар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ХУМШ;
III – I ва II гуруҳга кирмаган ташкилотлар.
LiveБарчаси