Тошкентда автобуслар учун 18 км алоҳида йўлак ташкил этилади
Local
−
18:38 284 2 minutes
Тошкент шаҳридаги тўртта кўчанинг жами 17,9 километр қисмида автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 6,5 миллиард сўм сарфланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Мутахассислар жамоат транспорти йўналишлари ўтадиган, умумий узунлиги 150 километрдан ортиқ бўлган йўл қисмларини ўрганган. Таҳлил натижаларига кўра, қуйидаги тўртта кўчада иш бошлаш тавсия этилган:
- Муқимий кўчаси – Яшнобод ва Чилонзор туманлари ҳудудидаги 4,6 километр;
- Қоратош ва Кўкча Дарвоза кўчалари – Шайхонтоҳур туманидаги 4,2 километр;
- Паркент кўчаси – Мирзо Улуғбек туманидаги 2,8 километр;
- Мирзо Улуғбек шоҳкўчаси – Мирзо Улуғбек туманидаги 6,3 километр.
Ушбу ҳудудларда марказий кўчаларни таъмирлаш ва автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш режалаштирилган.
Билдирилишича, Тошкент шаҳри ҳокимининг тегишли қарори имзоланган. Ҳозирда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун бюджет шакллантирилмоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ишлар учун тахминан 6,5 миллиард сўм керак бўлади. Харажатларни Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш режалаштирилган.
Лойиҳаларнинг буюртмачиси сифатида “Тошкент инвестиция компанияси” АЖ фаолият юритиши кутилмоқда. Лойиҳалаш ташкилотлари, пудратчилар ва техник назорат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар танлов асосида аниқланади.
Қурилиш бошланишидан олдин муҳандислик коммуникациялари ва коммунал инфратузилма тармоқлари текширилади. Носозликлар аниқланса, улар таъмирланади, кўчирилади ёки алмаштирилади.
Шунингдек, ишлар давомида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликларнинг олдини олиш чоралари кўрилади.
Лойиҳа доирасида пиёдалар учун қулай йўналишлар, йўл кўрсаткичлари, бекатлар ва ёритиш тизимини яхшилаш ҳам кўзда тутилган. Йўл қопламасида полимер билан модификацияланган битум ва мустаҳкам чақиқтошдан тайёрланган шағал-мастикали асфальт ва бетон қоришмасидан фойдаланиш режалаштирилган.
Ҳокимлик лойиҳа ва ундаги ишларнинг босқичлари ҳақида аҳолини хабардор қилиб боришини билдирган.
Live
AllJizzaxda 10 yoshli qiz zo'rlandi
06 October