Тошкентда автобуслар ҳаракати камайтирилади
Жамият
−
19 Март 2020
8600Тошкент шаҳрида йўловчи оқими кескин пасайиши оқибатида автобуслар ҳаракати камайтирилади. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, автобуслар ҳаракат жадвалига вақтинчалик ўзгартиришлар киритилган.
Жорий йилнинг 19 мартидан бошлаб йўловчи оқими кескин камайган вақтлар – соат 10:00 дан 16:00 га қадар автобуслар ҳаракати оралиқ интерваллари узайтирилмоқда. Бундан мақсад транспорт воситаларидан самарали фойдаланиш эканлиги қайд этилган.
Айни кунда Ўзбекистонда карантин эълон қилинган бўлиб, вируснинг кенг тарқалмаслиги учун барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрига келиб ишлаётган, таълим олаётган меҳмонларнинг пойтахтда бўлишлари вақтинча чекланмоқда.
Айтилишича, жамоат транспортида йўловчи оқимининг кескин қисқариши натижасида тиғиз вақтлардан ташқари автобусларнинг йўналишларда йўловчисиз ҳаракатланиши ҳам кузатилаётган. Бу транспорт воситаларининг сабабсиз емирилишига, ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг самарасиз сарфланишига сабаб бўлмоқда.