Ўзбекистонда 101 ёшли отахон коронавирусдан соғайди

Жамият

image

Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида 101 ёшли отахон коронавирусдан соғайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, шу йилнинг 20 апрель куни Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига 1920 йилда туғилган оққўрғонлик уруш ва меҳнат фахрийси, фуқаро Ф.Н. оғир аҳволда олиб келинган. Яқинлари билан ўтказилган суҳбатдан шу нарса аён бўлдики, беморда сўнги 4 кун давомида касаллик белгилари – йўтал, тана, айниқса оёқ-қўлларнинг қақшаб оғриши, тана ҳароратини фебрил даражагача ошиши, чарчоқ, ҳолсизлик, нафас олишнинг қийинлашуви, ҳансираш, юрак уришининг тезлашиши, иштаҳасизлик белгилари кузатилиб, сўнги икки кунда бу белгилар янада кучайиб борган. Беморда ўтказилган ПЗР тести натижалари мусбат чиққан, рентген текширувларида ўпканинг сурункали обструктив бронхоэктатик касаллиги, пневмосклероз ҳамда ўнг томонлама зотилжам аниқланган.

Уйда беморнинг аҳволи оғирлашиб боргани сабабли Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган. Қабул бўлимида бемор МСКТ текширувидан ўтказилганда, ўпка тўқимасининг зарарланиши билан “икки томонлама вирус этиологияли интерстициал зотилжам” ташхиси қўйилиб, бемордан COVID-19 инфекциясига экспресс-тест олинган. Тест натижаси унда коронавирус инфекцияси билан зарарланиш борлигини тасдиқлаган. Шундан сўнг беморга зудлик билан даво чораларини кўриш мақсадида бўлимга ётқизилган.

Бўлимда беморнинг ёши улуғлиги инобатга олиниб, тезда биринчи ёрдам кўрсатилган ҳамда белгиланган халқаро стандартлар бўйича текширув ва даво муолажалари бошлаб юборилган. Беморнинг аҳволи оғир бўлишига қарамай, билимли, юқори малакали ҳамда ўз касбининг фидойилари бўлган шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари,  ўз вақтида ва тўғри ўтказилган текширув ва даво муолажалари аста-секин ўз натижасини кўрсатиб, отахоннинг аҳволи кундан кунга яхшиланиб борди. Даво муолажаларини мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор тор соҳа мутахассислари – инфекционист, пульмонолог, кардиолог, неврологлар ҳам жалб қилинган.

“1940 йил ўз аскарлик бурчимни адо этиш учун ҳарбий хизматга чақирилиб, 1945 йил Иккинчи жаҳон урушидан ғалаба билан қайтгандим. Урушдан сўнг кўп қийинчиликларни бошимдан ўтказдим. Шукрки, Яратган мана шундай гўзал кунларга етказди. Илоҳим, бугунги фаровон ҳаётимизга, юртимиздаги тинчликка ҳеч қачон кўз тегмасин. Мени меҳр ва эътибор билан даволаб, оёққа тургизган шифокор ва ҳамширалардан мингдан-минг миннатдорман. Барака топишсин!” дейди отахон.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 99 ёшли онахон коронавирусдан соғайиб чиққанди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг