Тошкентда 9,2 млрдлик ноқонуний дориларни сотиш платформаси фош қилинди

Жамият 3199
image
-

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида сифати кафолатланмаган, шунингдек қалбакилаштирилган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларнинг ноқонуний реализацияси билан шуғулланиб келаётган уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.

Мазкур тумандаги хонадонлардан бири белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ер хонадон эмас, аксинча ўзига хос яширин савдо плафтормаси экани аниқланган.

Бу ерда тезкор алоқа линияси – “Call Center” ташкил қилинган бўлиб, 150 нафарга яқин алоқа операторлари сифати кафотланмаган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни мижозларга ўтказиш билан шуғулланиб келишган.

Тезкор тадбир давомида хонадонда, яъни дорихонадан ташқари ҳудудда келгусида сотиш учун мўлжаллаб қўйилган 96 622 дона дори воситалари ва тиббий буюмлар, 72 902 қути биологик фаол қўшимчалар қонунга хилоф равишда сақланаётганлиги аниқланган.

Мазкур дори ва қўшимчалар жинсий қувватни оширувчи, оздирувчи, семиртирувчи, гижжаларга қарши, юрак фаолиятини яхшиловчи ва бошқа мақсадлар учун кўзланган.

Дори ва биологик фаол қўшимчалар шу ернинг ўзида бўш қутиларга қадоқланган, қутилар учун ёрлиқлар, қўллаш учун йўриқномалар ҳам шу ердаги рангли принтерда чоп қилинган.

Хонадонда препаратларни сотишда ёрдамлашганларга совға сифатида бериш учун мўлжалланган – 5521 дона товарлар – парфюмерия воситалари, ошхона анжомлари, телефон аксессуарлари ва бошқалар сақланаётганлиги аниқланган.

Бундан ташқари “Call Center” фаолиятида фойдаланиб келинган 202 та монитор, 196 та процессор, 10 та ноутбук, 1 дона рангли принтер, товарларга тегишли юк хатлари, ноқонуний савдо қайд қилиб борилган ҳисоб дафтарлари ҳам ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Шундай қилиб ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбир натижасида дастлабки қиймати 9 млрд 179 млн сўмлик дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва бошқа товар-моддий бойликлар вақтинча сақловга олинган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 113
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×