Тошкентда 7 яшар боласи билан кўчада қолган аёлнинг тақдири нима бўлди? Сенат ахборот берди
Жамият
−
07 Август 2021
4839Aввалроқ, Тошкентда 7 ёшли боласи билан кўчада қолган наманганлик аёлнинг ҳолати Олий Мажлис Сенати томонидан назоратга олингани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида ўрганиб чиқилиб, қуйидагилар аниқланди.
Маълум бўлишича, видеода 7 ёшли фарзанди билан кўчада қолгани айтилган Ш. Зайлиддинова 1983 йилда Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган. У 2007 йилда Чуст тумани “Олмос” МФЙга келин бўлиб тушган ва ўртада фарзанд бўлмаганлиги туфайли биринчи турмушидан ажрашган. Аёл 2009 йил Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳрига ишлаш мақсадида келганида ўзи билан иссиқхонада бирга ишлаган 1981 йилда туғилган А.Алиевга шаърий никоҳ билан турмушга чиққан. Улар 2014 йилда қиз фарзандли бўлишган.
Шундан сўнг, Ш. Зайлиддинова 2018 йил ўзаро оилавий келишмовчилик сабаб ота-онасининг уйига, Наманган вилоятига қайтиб келган. Руҳиятидаги ўзгаришлар сабаб 2018 йилнинг апрель ойида Тўрақўрғон туманида жойлашган руҳий касалликлар шифохонасида даволанган. Шифохонадан чиққандан кейин, 1 ҳафта ота-онаси билан бирга яшаб, уларнинг қаршилигига қарамай қизи билан бирга турмуш ўртоғи А. Алиев олдига кетган. 2020 йилда оилавий низолар сабаб фарзанди билан уйдан чиқиб кетган.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган маълумотлардан сўнг аёл фарзанди билан Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани маҳалла фаоллари ва ичик ишлар органлари ходимлари томонидан топилиб, тумандаги “Отчопар-1” маҳалласида мавжуд оилавий ётоқхонага вақтинча жойлаб қўйилган. Сўнг аёл шахсига аниқлик киритилиб, оила аъзоларига хабар берилган, натижада Ш.З.нинг синглиси Н.Н. ва ҳамда укаси Э.З. 2021 йилнинг 2 август куни опаси Ш.З. ни 7 ёшли фарзанди билан соғ-саломат Наманган вилояти Чуст туманига олиб кетган.
Таъкидланишича, ҳозирда аёл ота-онаси билан бирга яшаб келмоқда. Бугунги кунда унинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Баймоқли” МФЙ томонидан маҳаллада яшовчи тикувчи X.T. га устоз-шогирд анъанаси бўйича бириктирилди. Шунингдек, аёлнинг фарзанди Наманган вилояти Чуст туманидаги 14-умумтаълим мактабининг 1-синфига ўқишга қабул қилиниши учун рўйхатга қўйилди.
LiveБарчаси